Саломдан олдин саждаи саҳв қилмоқ
Бани Абдулмуттолиб иттифоқдоши - Асд қабиласига мансуб Абдуллоҳ ибн Буҳайнадан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозида (ташаҳҳудга) ўтиришлари лозим бўлган ҳолда (ўтирмасдан) туриб кетдилар. Намозни тамом қилгач, салом беришдан олдин ўтирган жойларида икки марта саждаи саҳв қилдилар, ҳар бир сажда учун такбир айтдилар. Одамлар ҳам унутилган ташаҳҳуд эвазига у киши билан бирга икки сажда қилишди».
Бу бобда Абдурраҳмон ибн Афвдан ҳадис ривоят қилинган.
Муҳаммад ибн Башшар бизга Абдул-Аъло ва Абу Довуддан, Ҳишомдан, Яҳё ибн Аби Касирдан, Муҳаммад ибн Ибрбҳимдан нақл этиб, баён қилди: Абу Ҳурайра ъа Ас-Соиб Ал-Қорий саждаи саҳвни саломдан олдин қилишар эди.
Ибн Буҳайнанинг ҳадиси ҳасан.
Айрим илм аҳлининг амали шу ҳадис асосидадир. Шофиъийнинг қавли шу. Саждаи саҳвни саломдан олдин қилмоқни маъқул кўради ва бундай дейди: «Бу ҳадис бошқа ҳадиснинг ҳукмини насх этувчи (бекор қилувчи)дир». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги феъллари ҳам шу ҳадисга мос эканлигини зикр қилади.
Аҳмад билан Исҳоқ айтади: «Киши иккинчи ракъатда (ўтирмай) туриб кетса, Ибн Буҳайнанинг ҳадисига кўра, саждаи саҳвни саломдан олдин қилади».
Абдуллоҳ ибн Буҳайнанинг отасининг исми - Молик. Буҳайна эса - онаси бўлади. Буни Исҳоқ ибн Мансур менга шу тарзда маълум қилди.
Илм аҳли «Саждаи саҳв саломдан олдинми, саломдан кейинми?» деган масалада ихтилоф қилдилар.
Баъзилар саждаи саҳв саломдан кейин, деган фикрдадир. Суфён Ас-Саврий ва Куфа аҳлининг қавли шудир. Айримлари эса саждаи саҳв саломдан олдин, деб қарор қилади. Яҳё ибн Саъид, Робиъа ва бошқалар каби мадиналик фақиҳларнинг қавли шудир. Шофиъий бу қавлни маъқуллаган. Баъзилари эса бундай дейди: «Саждаи саҳвнинг сабаби намозда зиёдалик бўлса, саломдан кейин, камлик ўтган бўлса, саломдан олдин қилинади». Молик ибн Анаснинг қавли шу.
Аҳмад айтади: «Саждаи саҳв борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар бир ҳадис ўз жиҳати (хусусияти) асосида қамралади. Ибн Буҳайнанинг ҳадисига қараганда, икки ракъатда (ўтирмасдан) туриб кетса, саждаи саҳвни саломдан олдин қилади. Агар пешин намозини беш ракъат ўқиб қўйса, саждаи саҳвни саломдан кейин қилади. Пешин ва аср намозларида икки ракъатда салом бериб қўйса, саждаи саҳвни саломдан кейин қилади. (Шу йўсин) ҳар бир ҳадис ўз жиҳати асосида қамралади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан зикр қилинган ҳар қандай саҳвда саждаи саҳв саломдан олдиндир». Исҳоқ ҳам бу ўринларда буткул Аҳмаднинг қавлидек сўзлайди ва фақатгйна қуйидагича фарқ қилади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан зикр қилинмаган ҳар қандай саҳвда, саждаи саҳвнинг сабаби намозда зиёдалик бўлса - саломдан кейин, камлик бўлса - саломдан олдин қилинади.
Илова: «Саждаи саҳвни вожиб қиладиган сабаблар бештадир:
1) рукн такрори - намоздаги рукнлардан бирини такрорлаб қўйиш; 2) рукн тақдими - бирор рукнни олдинроқ бажариб қўйиш; 3) рукн таъхири - бирор рукнни кечроқ бажариш; 4) тағйири вожиб - бирор вожиб амални ўзгартириш; 5) тарки вожиб - вожиб амалдан бирортасини тарк этиб қўйиш. Намозхон унутиб, ана шу хатолардан бирини содир қилиб қўйса, бундай ҳолда унга сужуди саҳв қилмоқлик вожиб бўлади». (Ҳожи Аҳмаджон Махдум (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг «Рисолаи сужуди саҳв» китобидан, 5-саҳифа).