Рукуь ва сужудни кўп қилмоқ
Маъдан ибн Талҳа Ал-Йаъмурийдан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси Савбонни кўриб қолдим ва унга дедимки, «Менга бир амални далолат қилгинки, Аллоҳ у боис мени манфаатлантирсин ва Аллоҳ мени жаннатига киритсин». У бир оз сукут қилиб қолди, кейин менга қараб бундай деди: «Саждани давомли қил! Чунки мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдимки, айтдилар: «Қайси бандаки Аллоҳ учун бир сажда қилса, Аллоҳ шу боис унинг мартабасини бир даража кўтаргайдир ва шу боис унинг бир хатосини кечиргайдир».
Маъдан айтади: «Абуд-Дардони кўрдим ва Савбондан сўраган нарсамни ундан ҳам сўрадим. Айтдики, «Саждани давомли қил! Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдимки, айтдилар: «Қайси бандаки Аллоҳ учун бир сажда қилса, Аллоҳ ўша боис, шубҳасиз, унинг мартабасини бир даража кўтаргайдир ва ўша боис бир хатосини кечиргайдир».
Бу бобда Абу Ҳурайра ва Абу Фотимадан ҳадис ривоят қилинган.
Рукуъ ва сужудни кўпайтирмоқ борасида Савбон ва Абуд-Дардодан ривоят қилинган ҳадис - ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳли бу масалада ихтилоф қилганлар. Баъзилари, намозда қиёмни узун қилмоқ - рукуъ ва сужудни кўпайтирмоқдан кўра фазилатли эканини айтса, айримлари эса рукуъ ва сужудни кўпайтирмоқ қиёмни узун қилмоқдан кўра афзалроқ, деб қарор қилган.
Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу борада иккита ҳадис ривоят қилинган». Шунга қарамай, унинг ўзи бу борада ҳеч қандай ҳукм бермайди.
Исҳоқ бундай дейди: «Кундузги намозларда афзали - рукуъ ва сужудни кўпроқ қилмоқ, кечки намозларда эса қиёмни узун қилмоқдир. Фақат киши ҳар кеча ( Қуръондан) бир жузъ хатм қилмоқни одат этган бўлса, бунда рукуъ ва саждани кўпайтирмоғи мен учун севимлироқ. Чунки ҳам бир жузъни хатм қилган бўлади, ҳам рукуъ ва сужудга эришган бўлади». Исҳоқ бу сўзни айтмоғининг бир сабаби шуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозлари шу тарзда, қиёми узун ҳолатда сифатлантирилган. Кундузги намозларига келганда, бунинг қиёми худди кечки намозлардагидек, узун тарзда сифатлантирилган.