Бошга бир марта масҳ тортмоқ
Муъаввиз ибн Афро қизи Ар-Рубаййиъ (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: У Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни таҳорат олаётганларида кўрди: дейдики, «Бошларига масҳ тортдилар, бошларининг олди ва орқасига, икки чаккаларига ва қулоқларига (бирданига) бир марта масҳ тортдилар».
Бу бобда Али (карромаллоҳу важҳаҳу) ва Талҳа ибн Мусарриф ибн Амрнинг бобосидан ҳам ҳадис ривоят қилинган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «бошларига бир марта масҳ тортганлари» мутааддид важҳлардан ривоят қилинади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан бўлмиш илм аҳлининг кўпчилиги наздида амал шу ҳадис асосидадир. Жаъфар ибн Муҳаммад, Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шудир: «Бошга бир марта масҳ тортилади», деган тўхтамдалар. Муҳаммад ибн Мансур.
«Шарҳус-сунна» китобида бундай дейилади: «Бошга масҳ тортишни такрор қилиш суннатми-йўқми эканлиги борасида ихтилоф қилинди. Илм аҳлининг кўпчилиги ва уч мазҳаб имомлари бошга бир марта масҳ тортилади, деган фикрдалар. Шофиъийнинг машҳур сўзига кўра эса бошга масҳ уч бармоқ ва уч янги сув билан тортилади. «Ал-Мирқот» китобида ҳам шундай дейилган». Аммо бошга масҳ тортиш борасида Шофиъийнинг икки хил сўзи борлиги англашилади: Тавҳид (бир марта) ва Таслис (уч марта). Биринчи қавлни имоми Термизий, иккинчисини эса «Шарҳус-сунна» муаллифи очиб берган. «Таслис» тарафдорлари таянган ҳадислар маъқул ва мўътабар бўлиш даражасига кўтарилган эмас. (Аш-Шавқоний).
Ал-Маккий бизга сўзлаб берди, айтдики, Суфён ибн Уйайнадан эшитдим, бундай деди: «Жаъфар ибн Муҳаммаддан: «Бир марта (масҳ тортиш) кифоями?» деб бошга масҳ тортишни сўрадим, у: «Валлоҳи (Аллоҳ ҳақи), албатта!» деди.