Намозда бармоқларни бир-бирига чалиштирмоқ кароҳат эканлиги
Каъб ибн Ужрадан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизлардан бирортангиз чиройли таҳорат олса, кейин масжидга келмоқ қасди ила (йўлга) чиқса, бармоқларини бир-бирига чалиштирмасин. Чунки, у намоздадир».
Киши таҳорат олиб, масжидга юзланиб чиққанидан эътиборан, ҳукман намозда ҳисобланади. Шунинг учун бармоқларни бир-бирига чалиштирмоқни макруҳ кўрганлар. Бу ишнинг кароҳати масжиддан қайтгунича давом этади.
Каъб ибн Ужранинг ҳадисини Ибн Ажлондан мутааддид кишилар, Ал-Лайснинг ривояти сингари ривоят қилдилар. Шурайк, Муҳаммад ибн Ажлондан, унинг отасидан, Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳум), Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан худди шу ҳадисни уйқаш тарзда ривоят қилди. Шурайкнинг ҳадиси маҳфуз эмас.
Дўстларигиз билан улашинг!