Намозда хушуъ
Фазл ибн Аббосдан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намоз икки ракъат - икки ракъатдандир. Ҳар икки ракъатда бир ташаҳҳуд бор. Ва (намозда) хушуъ бор, тазарруъ бор, мискинлик бор! Қўлларингни хорлик-бечоралик билан кўтаргайсан». Айтдиларки, «Панжаларингни тўғрига қаратган ҳолда, қўлларингни Парвардигорингга кўтаргайсан ва: «Ё Раббим!» дегайсан..» Кимки ана шундай қилмаса, шундайдир ва шундайдир!..»
Ибнул-Муборакдан бошқаси бу ҳадисда: «Кимки ана шундай қилмаса, бу нуқсондир!» - дейди.
Муҳаммад ибн Исмоъил (Ал-Бухорий)дан эшитдим, бундай деди: «Шуъба ушбу ҳадисни Абдуроббиҳ ибн Саъиддан ривоят қилади ва айрим ўринларида янглишади. Масалан, «Абу Анас ибн Унайсдан» дейди; ҳолбуки, у Имрон ибн Аби Анасдир. «Абдуллоҳ ибн Ал-Хориждан» дейди, ҳолбуки, бу Абдуллоҳ ибн Нофиъ ибн Ал-Амйаънинг Робиъа ибн Ал-Ҳорисдан қилган ривоятидир. Шунингдек, Шуъба «Абдуллоҳ ибн Ал-Ҳорисдан, Ал-Муттолибдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан» дейди, ҳолбуки, бу «Робиъа ибн Ал-Ҳорис ибн Абдулмуттолибдан, Ал-Фазл ибн Аббосдан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан»дир.
Муҳаммад айтадики, Ал-Лайс ибн Саъиднинг ҳадиси Шуъбанинг ҳадисидан кўра саҳиҳроқ.