Намозда кийимини осилтириб олмоқ кароҳат эканлиги
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда кийимни осилтириб олмоқдан қайтардилар».
Аш-Шавқоний «Ан-найл»да айтадики, «ас-сидл» (осилтирмоқ) - олди очиқ либоснинг икки томонини ёпмасдан, эркин ташлаб қўймоқдир. «Ан-ниҳоя» муаллифининг фикрича бу сўз - кишининг бир (қават) либосга ўраниб, қўлларини либос ичида қолдириб, рукуъ ва саждани шу ҳолда қилмоғидир. Баъзиларнинг. фикрича, изорнинг (лунгининг) ўрта жойини бош устига келтириб, икки учини ўнг ва чап томондан пастга осилтириб олмоқ ва елкаларига тўпламоқдир. Ал-Жавҳарийнинг фикрича, либоснинг этак учларини осилтириб олмоқдир. Ал-Хаттобий фикрича, кийимни ерга тегадиган тарзда осилтирмоқдир. Ал-Ироқий эса «осилтирмоқ» деганда сочни осилтирмоқ кўзда тутилган бўлиши эҳтимол, дейди. Аш-Шавқоний уламоларнинг «осилтирмоқ» ҳақидаги фикрларини шу йўсин билдиргач, бундай дейди: «Ҳадис шу маъноларнинг ҳаммасини қамрамоқлигида монеълик йўқ, шояд бу калима шу барча маънолар учун муштарак бўлса, зеро соғлом йўл - муштарак маънода барча маъноларни қамрамоқликдир».