Ўтирган жойида нафл намоз ўқиган киши
Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари Ҳафса (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то вафотларига бир йил қолгунича, нафл намозларини ўтириб ўқиганларини кўрмадим. Кейин нафл намозларини ўтириб (ҳам) ўқир эдилар. Унда бир сурани шундоқ тартийл билан қироат қилар эдиларки, у сура ўзидан узун бўлган сурадан ҳам кўра узунроқ бўлиб кетар эди».
Бу бобда Умму Салама, Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ҳафса (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинди: «Кечалари ўтириб намоз ўқир эдилар. Вақтики қироатларидан (бир ракъатнинг ҳиссасидан) ўттиз ёки қирқ оят миқдори қолса, уни тик туриб ўқир эдилар. Кейин рукуъ ва сажда қилар эдилар. Кейин иккинчи ракъатда яна худди шундоқ қилар эдилар».
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деб айтганлари ҳам ривоят қилинган: «Ўтириб (ҳам) намоз ўқир эдилар. Тик туриб ўқисалар, рукуъ ва саждаларини тик туриб қилар эдилар; ўтириб ўқисалар, рукуъ ва саждаларини ўтирган ҳолда қилар эдилар..» Аҳмад ва Исҳоқ айтишади: «Иккала ҳадис билан ҳам амал вориддир». Баён этилган ҳар икки ҳадисни саҳиҳ деб, ҳар бири билан амал қилинади, деб ҳисоблайдилар.