Ўтириб ўқиган кишининг намози тик туриб ўқиган киши намозининг ярмига тенг
Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўтириб намоз ўқиган кишининг намози ҳақида сўрадим. Айтдиларки, «Кимки тик туриб намоз ўқиса, шу афзалроқ. Кимки ўтириб намоз ўқиса, унга тик туриб ўқиганнинг ярмича ажр бор. Ва кимки ётиб намоз ўқиса, унга ўтириб ўқиганнинг ярмича ажр бор».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ва Ас-Соиб (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Имрон ибн Ҳуайннинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Бу ҳадис Иброҳим ибн Таҳмондан шу иснод билан ривоят қилинди, аммо у Иброҳим ибн Ҳусайннинг бундай деб айтганини қайд этади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бемор кишининг намози ҳақида сўрадим. «Тик туриб ўқи. Агар қувватинг етмаса, ўтириб ўқи. Агар (бунга ҳам) қувватинг етмаса, ёнбошлаб ўқи», дедилар.
Шу (ҳадис)ни Ҳаннод - Вакиъ орқали бизга «Иброҳим ибн Таҳмондан, Ҳусайн Ал-Муъаллимдан» деб шу иснод билан баён қилди.
Ҳусайн Ал-Муъаллимдан Иброҳим ибн Таҳмоннинг ривоятига ўхшаш тарзда ривоят қилган кишини билмаймиз. Абу Усома ва тағин бошқалар Ҳусайн Ал-Муъаллимдан, Исо ибн Юнуснинг ривоятига ўхшаш тарзда ривоят қилдилар. Бу ҳадиснинг маъноси, айрим илм аҳлининг фикрича, нафл намозлар борасидадир.
Муҳаммад ибн Башшардан, Ибн Аби Адийдан, Ашъас ибн Абдулмаликдан, Ҳасандан ривоят қилинди; Ҳасан айтди: «Киши нафл намозини хоҳласа тик туриб, хоҳласа ўтириб, хоҳласа ётган жойида ўқийверади». Илм аҳли ўтириб намоз ўқимоққа қуввати етмаган беморнинг намози борасида ихтилоф қилдилар. Айримлари: ўнг томони билан ётиб намоз ўқийди, деди. Айримлари эса орқаси билан (чалқанча) ётиб, оёқларини қиблага қаратиб намоз ўқийди, деди.
Суфён Ас-Саврий: «Кимки намозни ўтириб ўқиса, унга тик туриб ўқиганнинг ярим савоби бор», деган ҳадис борасида бундай дейди: «Бу ҳукм соғлом ва узри бўлмаган киши учундир. Хасталикдан ёки бошқа бир нарсадан узри бўлган киши ўтириб намоз ўқиса, унинг ажри тик туриб ўқиган кишининг ажри сингаридир». Баъзи ҳадисларда, Суфён Ас-Саврийнинг сўзидек ривоят қилинган.