Имом унутиб иккинчи ракъатда (қиёмга) туриб кетса
Аш-Шаъбийдан ривоят қилинди; айтди: «Ал-Муғийра ибн Шуъба бизга намоз ўқиб берди-да, иккинчи ракъатда (ўтирмасдан) туриб кетди. Қавм унга тасбиҳ айтди, яъни «Субҳаналлоҳ» деди; у ҳам қавмга «Субҳаналлоҳ» деб тасбиҳ айтди. Намозни адо этиб бўлгач, салом берди ва ўтирган жойида икки марта саждаи саҳв қилди. Кейин уларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шундай қилганларини ва у ҳам ана шунинг учун шундай қилганини сўзлаб берди».
Бу бобда Уқбаъ ибн Омир, Саъд ва Абдуллоҳ ибн Буҳайнадан ҳадис ривоят қилинди.
Ал-Муғийра ибн Шуъбанинг ҳадиси ундан мутааддид важҳлардан ривоят қилинган. Баъзи муҳаддислар Ибн Аби Лайлони хотираси жиҳатдан танқид қилишади. Аҳмад айтадики: «Ибн Аби Лайлонинг ҳадиси билан истидлол қилинмайди». Муҳаммад ибн Исмоил (Ал-Бухорий) эса бундай дейдй: «Ибн Аби Лайло жуда тўғри киши. Аммо мен ундан ҳадис ривоят қилмайман. Чунки, у ҳадиснинг саҳиҳини чиригидан ажрата олмайди. Бундай кишиларнинг ҳеч бировидан ҳеч нарса ривоят қилмайман».
Бу ҳадис Ал-Муғийра ибн Шуъбадан мутааддид важҳлардан ривоят қилинган. Суфён - Жобирдан, Ал-Муғийра ибн Шубайлдан, Қайс ибн Аби Ҳозимдан, Ал-Муғийра ибн Шуъбадан шу ҳадисни ривоят қилди. Баъзи илм аҳли Жобир ибн Жаъфийнинг заиф эканлигини қайд этадилар. Яҳё ибн Саъид, Абдурраҳмон ибн Маҳдий ва тағин бошқалар уни тарк этганлар.
Илм аҳлининг амали шу ҳадис асосидадир. Демакки, иккинчи ракъатда (ўтирмасдан) туриб кетса, намозини давом эттираверади ва (охирида) икки марта сажда(и саҳв) қилади. Айримлари саломдан олдин (сажда қилади) деса, айримлари саломдан кейин, деб айтган. Саломдан олдин деб айтувчиларнинг ҳадиси - Аз-Зуҳрий билан Яҳё ибн Саъид Ал-Ансорийнинг Абдурраҳмон Ал-Аъраждан, Абдуллоҳ ибн Буҳонадан ривоят қилган ҳадисларига мутобақати (мувофиқлиги) сабабига кўра янада саҳиҳроқ.