«Имом ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам ўтириб ўқингизлар»
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отдан йиқилдилар, бир ёнлари лат еб (ўнг томон) терилари шилинди. Бизга ўтирган ҳолда намоз ўқиб бердилар, бизлар ҳам ўтирган ҳолда у кишига эргашиб намоз ўқидик. Кейин намозни тугатгач, бизга ўгирилиб: «Имом иқтидо қилмоқлари учун имомдир» ёки «Имом иқтидо қилмоқлари учун имом қилингандир», - дедилар. - Агар у такбир айтса, такбир айтингизлар, рукуъ қилса, рукуъ қилингизлар, ўрнидан турса, турингизлар, агар: Самиъаллоҳу ли ман ҳамидаҳ деса, Роббана лака-л-ҳамд! деб айтингизлар; агар сажда қилса, сажда қилнгизлар; агар ўтириб намоз ўқиса, ҳаммангиз ўтириб намоз ўқингизлар».
«Имом Бухорий айтадилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом ўтириб ўқиса, ўтириб ўқингизлар» деган сўзларини бундан илгари бетоблик пайтларида айтганлар, сўнгги касал бўлганларида эса Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб ўқиганлар, одамлар тик туриб ўкишган. Уларга ўтирмоқни буюрмаганлар. Охиргиси ҳисобга олингайдир, зеро охиргиси жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг табиатларига мосдир». («Саҳиҳи Бухорий», 1-жилд)
Бу бобда Оиша (онамиз), Абу Ҳурайра, Жобир, Ибн Умар ва Муовия (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Анаснинг: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отдан йиқилдилар, терилари шилинди» деган ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзилари шу ҳадисни эгаллашган. Жобир ибн Абдуллоҳ, Усайд ибн Ҳудайр ва Абу Ҳурайра ҳамда бошқалар шулар орасида борлар. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шу.
Айрим илм аҳлининг фикрича, имом ўтириб ўқиса, орқасидагилар фақат тик туриб намоз ўқийди. Агар ўтириб намоз ўқишса, намозлари жоиз эмас.
Суфён Ас-Саврий, Молик ибн Анас, Ибнул-Муборак ва Шофиъийнинг қавли шудир.