Уйқусираб намоз ўқимоқ
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизлардан бирортангизни намоз ўқиётиб уйқу босса, уйқуси кетгунича ётиб ухласин. Чунки бирор киши уйқусираб намоз ўқиса, истиғфор айтаман деб ўз-ўзини сўкиб қўйиши мумкин».
Яъни намоз ўқиётган пайтда салом беради-да, намоздан чиқади, ётиб ухлайди. Баъзилар бу ҳадисни тунги намозга тегишли, дейдилар. Ан-Нававий, фарз ва нафл, кечки ва кундузги намозларнинг хаммасига тегишли эканлигани айтади. Ҳофиз ибн Ҳажар, «Фатҳ-ул-борий»да ҳадис махсус бир сабабга таянганини, аммо лафзи омма (ҳаммага тегишли) эканлигини таъкидлаганидан кейин, бундай дейди: «Фарз намозларида ҳам шу ҳадис билан амал қилинади, фақатгина намозни ўтказиб юбориш (қазо қилиб қўйиш) хавфи йўқ бўлса...»
Бу бобда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Оиша (онамиз)нинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.