Масжидга оҳиста юриб келмоқ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намозга такбири иқомат айтилаётган бўлса, югуриб-ҳовлиқиб келмангизлар, лекин вазминлик билан оҳиста юриб келингизлар. Етган жойингиздан (жамоатга қўшилиб) ўқийверинг, етолмаганингизни тўлдириб ўқиб олинг».
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг бу ҳадиси Ал-Бухорий, Муслим ва бошқалар томонидан бир қанча важҳлардан ва фарқли лафзлар билан ривоят қилинган. Имом билан бирга такбирга улгурмоқ учун ёки рукуъда имомга етиб олиб, бир ракъатга эришмоқ учун югуриб келадиганлар бўлар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга виқор ва вазминлик билан юриб келмоқни амр қилдилар.
Бу бобда Абу Қатода, Убай ибн Каъб, Абу Саъид, Зайд ибн Собит, Жобир ва Анас (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Бу масалада илм аҳли ихтилоф қилдилар. Айримлари, биринчи такбирни бой бермоқдан қўрқса, шошилсин, деган фикрга эга бўлишган. Ҳатто баъзиларидан намозга чопиб боргани ривоят қилинади. Айримлари эса жадал юрмоқни макруҳ деб қараган, сокинлик ва виқор билан юрмоғини ихтиёр этган.
Аҳмад ва Исҳоқнинг кавли шу: айтадиларки, «Амал Абу Ҳурайранинг ҳадиси асосидадир». Исҳоқ айни вақтда бундай дейди: «Биринчи такбирни бой беришдан қўрқса, жадал юрмоқлигида зарар йўқ».
Ҳасан ибн Али Ал-Холлал бизга Абдурраззоқдан, Маъмардан, Аз-Зуҳрийдан, Саъид ибн Ал-Мусаййабдан, Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳум), Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан баён килади: Абу Саламанинг Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадиси маъносида.
Абдурраззоқ (бу ривоятда) ушбу тарзда: «Саъид ибн Ал-Мусаййабдан, Абу Ҳурайрадан» дейди. Бу ривоят Язид ибн Зурайнинг ривоятидан саҳиҳроқ.
Ибн Умар бизга Суфёндан, Аз-Зуҳрийдан, Саъид ибн Мусаййабдан, Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳум), Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан баён этди: тақрибан ўтган ҳадис.