Оғиз ва бурунни бир ҳовуч сув билан чайқаш
Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, оғиз ва бурунларини бир ҳовуч сув билан чайқадилар ва буни уч марта (такрор) қилдилар».
Яъни, аввал бир ҳовуч сувдан оғзига, бурнига сув олиб, кейин иккинчи ҳовуч сувдан оғзига ва бурнига сув олади, кейин учинчи ҳовуч сувдан оғзига ва бурнига сув олади, шундай қилиб, мазмаза ва истиншоқни биргалиқда уч марта қилган бўлади. Баъзи илм кишиларининг ва машҳур қавлга кўра, Шофиъийнинг қавли ана шундай. (Имоми Шофиъий кейинчалик бошқа фикрга келган). Ҳофиз Ибнул-Қаййум «Зодул-маъод» китобида: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати мазмаза ва истиншоқни бир-биридан ажратмаслик эди», дейди. Абу Ҳанифа эса, мазмаза ва истиншоқни (оғиз чайқаш ва бурунга сув олиб қоқишни) бир-биридан ажратиб, алоҳида-алоҳида қилиши керак, деган хулосада бўлганлар. Абу Ҳанифа бундай хулоса қилишда айрим ҳадислардаги: «Уч марта оғизларига ва уч марта бурунларига сув олдилар», деган ибораларга асосланганлар. Бир ҳовучдан мазмаза ва истиншоқ қилганларини билдирган ҳадислар, ҳанафий олимларнинг хулосасига кўра таъвил этилмоқда ва буларнинг таъвилида икки хил фикр илгари сурилмокда: биринчи фикрга кўра, бу ҳадислар шундан далолат берадики, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам оғиз чайқаш ва бурунга сув олганда икки қўлларини эмас, фақатгина бир қўлларини ишлатганлар, иккинчи фикрга кўра, оғиз чайқаш ва бурунга сув олишни фақат ўнг қўл билангина қилганлар. Ал-Айний, «мазмаза ва истиншоқни бир сув билан қилдилар», деган ривоят бундай таъвилларга мойил эмас, деган фикрни илгари суради. Аммо, бу масалада имомлар ўртасидаги ихтилоф, таъвил жоиз ёки жоиз эмаслиги борасида эмас, балки, афзалият борасидадур. Афзаллик, устунлик борасида Имоми Аъзамнинг хулосаси юқори эканлиги ўз-ўзидан маълум.
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анх,умо)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадиси ҳасан-ғариб. Молик, Ибн Уйайна ва яна бошқалар бу ҳадисни Амр ибн Яҳёдан ривоят қилдилар, лекин «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳовуч сувдан оғиз ва бурунларига сув олдилар» деган жумлани зикр этишмади. Бу жумлани битта Холид ибн Абдуллоҳ зикр этади. Холид ибн Абдуллоҳ эса муҳаддислар наздида сиқа (сўзи ишончли) ва ҳофиадир.
Баъзи илм аҳли бундай дейди: «Бир ҳовуч сувдан ҳам оғизга, ҳам бурунга сув олмоқ етарлидир». Баъзилари эса: «Мазмаза ва истиншоқни (оғиз чайқаш ва бурунга сув олиб қоқишни) бир-биридан ажратиб (алоҳида-алоҳида) қилмоқ биз учун севимлироқ», дейдилар. Шофиъий айтадики, «Мазмаза ва истиншоқни бир ҳовуч сувдан қилса, бу жоиз. Аммо буларни бир-биридан ажратиб (алоҳида-алоҳида) қилиш, бизнингча, янада мақбулроқ».
Шофиъийнинг бу масалада икки хил сўзи бор: Биринчиси Абу Ҳанифанинг сўзига мувофиқдирки, Термизий бу ўринда шуни нақд этганлар. Иккинчиси, машҳур бўлган қавлидирки, буни олдинги изохда баён этдик.