Таҳиййат-ул-масжид намози
Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизлардан бирортангиз масжидга келса, ўтирмасдан олдин икки ракъат намоз ўқиб олсин».
Бу бобда Жобир, Абу Умома, Абу Ҳурайра; Абу Зарр ва Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Қатоданинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Бу ҳадисни Муҳаммад ибн Ажлон ва мутааддид (бир қанча) кишилар, Молик ибн Анаснинг ривоятига ўхшаш тарзда Омир ибн Абдуллоҳ ибн Аз-Зубайрдан ривоят қилганлар.
Сухайл ибн Абу Солиҳ бу ҳадисни Омир ибн Абдуллоҳ ибн Аз-Зубайрдан, Амр ибн Сулаймдан, Жобир ибн Абдуллоҳдан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади. Бу ҳадис маҳфуз эмас. Саҳиҳ ҳадис Абу Қатоданинг ҳадисидир.
Биродарларимизнинг амали шу ҳадис асосидадир: Киши масжидга кирганида, агар узрли бўлмаса, ўтирмасдан олдин икки ракъат намоз ўқиб олиши мустаҳаб, деб қараганлар.
Али ибн Ал-Маданий айтадики, «Сухайл ибн Аби Солиҳнинг ҳадиси янглишдир». Исҳоқ ибн Иброҳим, буни менга Али ибн Ал-Маданийдан хабар берди.