Масжидга кираётганда ўқиладиган дуо
Фотимат-ул-Кубро (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирганларида Муҳаммадга (яъни ўзларига) салоту салом келтириб, «Робба-ғфирлий зунубий, ва-фтаҳ лий абваба роҳматик» («Ё Раббим! Гуноҳларимни мағфират қил ва менга раҳматинг эшикларини очгил!..») дер эдилар. Масжиддан чиқаётганларида эса Муҳаммадга салоту салом келтириб, «Робба-ғфирлий зунубий, ва-фтаҳ лий абваба фаз-лик!» («Ё Роббим! Гуноҳларимни магфират қил ва менга фазлинг (неъматларининг) эшикларини очгил!») дер эдилар».
Аллоҳнинг Расулига муносиб салоту салом айтиш ҳақидаги оят. («Аҳзоб»-33) нозил бўлгач, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг амрини тутиб, ўзларига (биринчи бўлиб) ўзлари салоту салом келтирганлар. Бундаги салоту салом келтирмоқлик Аллоҳнинг амрини адо этиш билан бирга умматларига таълим учун ҳамдир. Ал-Қорий «Ал-мирқот»ида айтганидек, «Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига иймон келтирмоқлари ва Пайғамбарлик шахсиятига таъзим сифатида ўзларига салоту салом келтирмоқлари вожиб қилинган».
Исмоил ибн Иброҳимдан ривоят қилинди; айтди: «Абдуллоҳ ибн Ҳасан билан Маккада учрашиб қолдим ва ундан бу ҳадис ҳақида сўрадим. Менга ҳадисни баён этди ва бундай деди: «Кираётганларида: «Робба-фтаҳ баба роҳматик» («Ё Раббим! Раҳматинг эшигини менга очгил!») дер эдилар ва чиқаётганларида «Робба-фтаҳ лий баба фазлик» (Ё Роббим! Фазлинг (неъматларинг) эшигини менга очгил!») дер эдилар».
Бу бобда Абу Ҳумайд, Абу Усайд ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадиси - ҳасандир ва исноди муттасил эмас. Чунки Ҳусайннинг қизи Фотима - Фотимаи Куброни кўрмаган, чунки Фотимаи Кубро Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин атиги бир неча ой яшаган, холос.