Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳр ўқиб берган бир намозларини тугатдилар-да, қайрилгач: «Сизлардан биттангиз мен билан бирга қироат қилдими?» дедилар. Бир киши: «Шундоқ, ё Расулуллоҳ!» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедиларки, «Айтдим-а, мен ўқиётган Қуръонга нечун муқобала қилаётир деб». Инсонлар (саҳобалар) буни эшитгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳр ўқиган намозларда у киши билан бирга қироат қилишни бас қилдилар».

Бу бобда Ибн Масъуд, Имрон ибн Ҳусайн ва Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.

Бу ҳадис ҳасан.

Ибн Укайма Ал-Лайснинг исми - Умаро бўлиб, уни Амр ибн Укайма ҳам дейишади.

Бу ҳадисни ривоят қилган Аз-Зуҳрийнинг биродарларидан баъзиси қуйидаги жумлани зикр этиб, бундай дейди: «Инсонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан буни эшитгач, қироат айламоқни бас қилдилар».

Бу ҳадисда имомнинг орқасида қироат қилмоқни кўзда тутганларни синдирадиган бир ҳолат йўқ. Чунки бу ҳадисни Набий саллаллоҳў алайҳи ва салламдан ривоят қилган Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу), Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундоқ бир ҳадис ҳам ривоят қилган: «Кимки бир намоз ўқиса-ю, ўша намозда «Фотиҳа»ни ўқимаса, у намоз нуқсонлидир, тўкис эмас!». Шунда ҳадисни эшитган киши Абу Ҳурайрага: «Мен баъзан имомнинг орқасида туриб қоламан-ку? (Унда нима қиламан?)» деди. Абу Ҳурайра: «Фотиҳа»ни ичингда ўқи», деди.

Абу Усмон Ан-Наҳдий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган экан; айтадики: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Фотиҳа»сиз намоз йўқ эканлигини ҳайқириб эшиттирмоғимни менга амр қилдилар».

Муҳаддисларга келсак, имом жаҳр ўқиганда муқтадиъ қироат қилмайди, деб ихтиёр этадилар ва бундай дейдилар: «Имомнинг сакталарини (қироат асносида тўхтайдиган жойларини) кузатади».

Имомнинг орқасида қироат қилмоқ масаласида илм аҳли ихтилоф қилганлар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан илм аҳлининг кўпчилиги имомнинг орқасида қироат қилмоқни кўзда тутадилар.

Имом Молик, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шудир.

Абдуллоҳ ибн Ал-Муборақдан унинг бундай дегани ривоят қилинган: «Мен имомнинг орқасида қироат қиламан. Ҳамма ўқийди, фақат Куфа фақиҳларидан бир жамоа ўқимайди. Ўқимаганларнинг намози ҳам жоиз деб ҳисоблайман».

Илм аҳлидан баъзилари имомнинг орқасида бўлса ҳам, «Фотиҳа»ни ўқимаслик масаласида оғир ҳукмга бориб, бундай дейишган: «Хоҳ ёлғиз ўзи намоз ўқисин, хоҳ имомнинг орқасида бўлсин, «Фотиҳа»ни ўқимаса, намоз жоиз эмас». Булар: Убода ибн Ас-Сомитнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи аа салламдан қилган ривоятига эга бўлишган (таянишган).

Убода ибн Ас-Сомит, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин, имомнинг орқасида қироат қилибди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Фотиҳа»сиз намоз йўқ», деган сўзларини шарҳлабди.

Шофиъий, Исҳоқ ва айримларнинг қавли ҳам шу.

Имом Аҳмадга келсак, у бундай дейди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Фотиҳа»сиз намоз йўқ» деган сўзларининг маъноси якка ўзи намоз ўқиган киши учундир». Имом Аҳмад, Жобир ибн Абдуллоҳнинг «Кимки бир ракъат намоз ўқиса-ю, унда «Уммул Қуръон»ни («Фотиҳа» сурасини) ўқимаса, намоз ўқимабди: илло имомнинг орқасида бўлса, (намози дурустдир)» деган ҳадисини далил сифатида кўрсатади ва бундай дейди: «Бу киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидандир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Фотиҳа»сиз намоз йўқ» деган сўзларини, якка ўзи намоз ўқиган кишилар учун, деб таъвил қилгандир».

Имоми Аҳмад, шу билан бирга, имомнинг орқасида қироат қилмоқни ва намозхон имомнинг орқасида бўлса ҳам, «Фотиҳа»ни ўқимоғи жиҳатини ихтиёр қилади.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш