Имомнинг орқасида қироат қилмоқ
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиб бердилар ва қироат у кишига оғирлик қилди. Намозни ўқиб бўлгач: «Кўряпманки, сизлар имомингизнинг орқасида қироат килаётирсизлар-ку!» дедилар. «Ё Расулуллоҳ! Валлоҳи, шундоқ!» - дедик. «Ундай қилмангизлар, илло (фақатгина) «Уммул Қуръон»ни (яъни «Фотиҳа» сурасини) ўқингизлар. Чунки уни ўқимаган кишининг намози йўқ!» дедилар.
Бу бобда Абу Ҳурайра, Оиша (онамиз), Анас, Абу Қатода ва Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Убоданинг ҳадиси ҳасан.
Аз-Зуҳрий бу ҳадисни Маҳмуд ибн Ар-Робиъдан, Убода ибн Ас-Сомитдан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Айтдиларки, «Фотиҳа»ни ўқимаган кишининг намози йўқ».
Бу ривоят саҳиҳроқ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан илм аҳлининг ва тобиъийн уламосининг кўпчилиги наздида, имомнинг орқасида қироат қилмоқ масаласида, амал шу ҳадис асосидадир.
Молик ибн Анас, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шудир: имомнинг орқасида қироат қилинади, деб қарайдилар.