Намознинг сифати
Абу Ҳумайд Ас-Соъидийдан ривоят қилинди: «(Ровий Муҳаммад ибн Амр) айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўн киши орасида, — шулардан биттаси Абу Қатода ибн Рибъий эди, - Абу Ҳумайднинг бундай деганини эшитдим: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини энг яхши билган кишингиз менман...» Айтишдики, «(Лекин) сен у зотга суҳбатдошлик (саҳобалик) жиҳатидан энг қадимгимиз эмассан ва у кишига энг кўп қатнаган кишимиз ҳам эмассан» «Тўғри», деди (Абу Хумайд). «Унда баён эт!» дейишди. Шунда айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турганларида мўътадил миқдорда қоматларини рост тутиб, қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар. Рукуъ қилмоқчи бўлсалар, қўлларини елкалари баробарида кўтарар, кейин «Аллоҳу акбар» деб рукуъга борар эдилар. Кейин (рукуъда) мўътадил миқдорда (бир оз) турар, бошларини на тик тутар ва на солинтирар, қўлларини тиззалари устига қўяр эдилар. Кейин: «Самиъаллоҳу ли ман ҳамидаҳ» деб, қўлларини кўтарар ва то ҳар бир бўғинлари жой-жойига тушгунича мўътадил миқдорда (бир оз) тик турар эдилар. Кейин саждага бориш учун ерга эгилар эдилар, кейин «Аллоҳу акбар» дер эдилар, кейин қўлларини қўлтиқларидан ажратар ва оёқ бармоқларини очар (бўш қўяр) эдилар. Кейин чап оёқларини букиб ёйиб, устига ўлтирар, то ҳар бир бўғинлари жой-жойига тушгунича мўътадил миқдорда ўлтириб, кейин саждага борар эдилар. Кейин «Аллоҳу акбар» дер эдилар; кейин оёқларини букиб ёйиб, то ҳар бир бўғинлари жой-жойига тушгунича мўътадил миқдорда ўлтирар эдилар. Кейин қиёмга турар ва иккинчи ракъатда ҳам худди шундай қилар эдилар. Икки саждадан (яъни илк икки ракъатдан) турганларида такбир айтиб, қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар, худди намозни бошлаганларида қўлларини кўтарганларидек. Кейин намозларини шундай давом эттирар, намозларини якунлатаётган охирги ракъатни ўқиб бўлгач, чап оёқларини узатиб, шу оёқ ёнбоши устига ўлтирар, кейин салом берар эдилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
«Икки саждадан турганларида...» сўзининг маъноси «икки ракъат ўқигандан кейин учинчи ракъатга турганларида» деганидир.
Бу ҳадисни Абу Довуд, Ад-Дорамий ва Ибн Можа ҳам тахриж қилганлар.
Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилинди; айтди: «Абу Ҳумайд Ас-Соъидийни(нг сўзини) Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлмиш ўн кишининг орасида эшитдим, улар орасида Абу Қатода ибн Рибъий ҳам бор эди...» Кейин Яҳё ибн Саъид ҳадисининг худди ўзини (ўша) маъноси билан зикр қилади ва бунда қўшимча қилиб, «Абу Осим, Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган ушбу: «Рост айтдинг. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай намоз ўқир эдилар», деган жумла киритилади.