Намознинг сифати
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар, кетларидан бир киши кириб, намоз ўқиди. Кейин келиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди, саломига алик олдилар-да, «Қайтгил, намоз ўқигил, чунки сен намоз ўқимадинг!», дедилар. Ўша киши қайтиб, ҳудди боягидек намоз ўқиди. Кейин яна келиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Саломига алик олдилар-да, унга яна: «Қайтгил, намоз ўқигил, чунки сен намоз ўқимадинг», дедилар. Буни уч марта такрор қилдилар. Шунда бояги киши: «Сизни ҳақ (дин) билан юборган зотга қасамки, бундан яхшироқ қилолмайман. Менга ўргатинг!» — деди. Шунда (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Намозга турсанг, (аввал) такбир(и) таҳрима) айт; кейин Қуръондан ўзингга осон бўлганини ўқи; кейин хотиржам, астойдил рукуъ қил, кейин туриб, мўътадил миқдорда қаддингни тик тут; кейин хотиржам, астойдил сажда қил; кейин хотиржам, астойдил ўтир, сўнг қолган бутун намозингда ана шундай давом эт!».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Ибн Нумайр бу ҳадисни Убайдуллоҳ ибн Умардан, Саъид Ал-Мақбурийдан, Абу Ҳурайрадан ривоят қилган-у, Саъиднинг отасини зикр этмаган.
Яҳё ибн Саъиднинг Убайдуллоҳ ибн Умардан қилган ривояти янада саҳиҳроқ.
Саъд Ал-Мақбурий Абу Ҳурайранинг ўзидан эшитган ва отаси орқали ҳам Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.
Абу Саъд Ал-Мақбурийнинг исми - Кайсон. Саъид Ал-Мақбурий эса Абу Саъд тарзида куня олган.