Рифоъа ибн Рофиъдан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни масжидда ўтирган эдилар. — Рифоъа: «Бизлар ҳам у киши билан бирга эдик», дейди. - Бадавийга ўхшаган бир киши келди-да, намоз ўқиди. Намозини енгил-елпи адо қилди. Кейин келиб, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва алайка» деб алик олдилар-да, «Қайтгил, намоз ўқигил, чунки сен намоз ўқимадинг» дедилар. У қайтиб, намоз ўқиди. Кейин келиб, у зотга салом берди. (Расулуллоҳ): «ва алайка» деб алик олдилар-да, «Қайтгил, намоз ўқигил, чунки сен намоз ўқимадинг», дедилар. Бу ҳол икки марта ёки уч марта такрорланди. Ҳар гал Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ва алайка» деб алик олиб, «Қайтгил, намоз ўқигил, чунки сен намоз ўқимадинг», дер эдилар. Намозини енгил ўқиган кишининг намоз ўқимаган бўлиб чиқиши (у ердаги) одамларни қизиқтириб қолди ва (бу ҳукм) уларга оғир ботди. Ниҳоят, бояги киши бундай деди: «Менга кўрсатинг ва ўргатинг, чунки мен ҳам бир инсонман, тўғри қилишим мумкин, хато қилишим мумкин...» Шунда (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта! - дедилар — намозга турсанг, (аввал) худди Аллоҳ буюрганидек таҳорат ол. Кейин шаҳодат келтир ва иқомат ҳам келтир (такбири таҳрима айт). Кейин Қуръондан билганингни ўқи. Йўқса, Аллоҳга ҳамд айт, такбир айт ва таҳлил айт! Кейин хотиржам, астойдил рукуъ қил, кейин мўътадил миқдорда қоматингни тик тут, кейин мўътадил ҳолда (астойдил) сажда қил; Кейин астойдил ўтир ва қиёмга тургил. Ана шундай адо қилсанг, намозинг тўлиқ бўлади. Шулардан бирор нарса камайтирсанг (нуқсонга йўл қўйсанг) намозингдан камайтирган бўласан. (Рифоъа) айтди: «Бу ҳукм уларга аввалгисидан ҳам кўра осонроқ туюлди - «Кимки шулардан бирор нарса камайтирса, ўз намозидан камайтирган бўлади ва бутун намози ўтмайди».

Бу бобда Абу Ҳурайра ва Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.

Рифоъанинг ҳадиси ҳасан.

Бу ҳадис Рифоъадан тағин бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш