Саломдан кейин ўқиладиган дуо
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам салом бергач, «Аллоҳумма анта-с-салом ва минка-с-салом, таборакта, зал-жалали вал-икром» («Ё Аллоҳим! Салом (офат ва айблардан мубарро, холи) Сенсан, саломат Сендандир (бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Сенсан). Эй Жалол ва икром соҳиби! Сен табораксан - Сенинг қудсиятинг олий ва тенгсиздир!») дейдиган миқдорда ўлтирар эдилар, холос».
Ҳаннод, Марвон ибн Муовиядан, Абу Муовиядан, Осимдан, худди шу иснод билан ўтган ҳадисни бизга баён этди ва: «Таборакта йа зал-жалали ва икром» деб айтди.
Бу бобда Савбон, Ибн Умар, Ибн Аббос, Абу Саъид, Абу Ҳурайра ва Ал-Муғийра ибн Шуъба (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Оиша (онамиз)нинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин:
«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаду ла шарика лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, йуҳйий ва йумийту ва ҳува ъала кулли шайин қодир! Аллоҳумма ла мааниъа лима аътойта, ва ла муътийа лима манаъта, ва ла йанфаъу зал-жадди минка-л-жадду» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У якка-ю ягонадир, шериги йўқ, мулк Уникидир, ҳамд Унга хосдир. У тирилтиргай ва ўлдиргай. У ҳар ишга қодир зотдир! Ё Аллоҳим! Сен ато этган нарсани ҳеч ким манъ этолмас. Сен манъ этган нарсани ҳеч ким ато этолмас) деб айтганлари ривоят қилинган.
Шунингдек, саломдан кейин:
Субҳана Роббика Роббил-ъиззати ъамма йасифун ва са-ламун ъалал-мурсалийн, вал-ҳамдулиллаҳи Роббил ъала-мийн» (Иззат (қудрат ва ғолиблик) Роббиси бўлмиш сенинг Роббинг (Парвардигоринг) уларнинг сифатларидан пок зотдур. (Барча) Ра-сулларга (Аллоҳдан) салом бўлгай! Ҳамду санолар - бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ учундир.) деганлари ҳам ривоят қилинган.
Бу ҳадис «Мажмаъ-уз-завоид» китобида (2/147-148) Абу Ҳурайранинг Абу Саъид Ал-Худрийдан қилган ривояти сифатида тахриж қилинган ва кишиси (ровийси) сиқа (ишончли) эканлиги қайд этилган.