Намозда ташаҳҳуд
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ҳар икки ракъат оралиғида ўтирганимизда бундай деб айтмоқни ўргатдилар: «Ат-таҳиййату лиллаҳи, вас-солавату ват-тоййибат. Ас-саламу ъалайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ас-саламу ъалайна ва ъала ъибадил-лаҳис-солиҳийн. Ашҳаду анла илаҳа иллалллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росувлуҳ» (Маъноси: «Таъзим - таҳиййати, барча тоат-ибодатлармиз ва мадҳу олқишларимиз Аллоҳга бўлсин! Эй Пайғамбар! Сенга саломлар, Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин! Саломлар бизга ва Аллоҳнинг барча солиҳ бандаларига бўлсин! Мен шоҳидлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Ва мен шоҳидлик берманки, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир»).
«Ат-таҳиййот» Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳолда баён қилинган.., «Саҳиҳи Бухорий»нинг «Азон» бобида бу ҳадис Абу Маъмар тариқи билан Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган. «Ташаҳҳуд» ҳадисини баён қилгач, у: «Пайғамбар орамизда бўла туриб шундай дер эдик, аммо вафотларидан кейин: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтадиган бўлдик», дейди.
Бу бобда Ибн Умар, Жобир, Абу Мусо ва Оиша (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Масъуднинг ҳадиси ундан бир қанча важҳдан ривоят қилинган. Ташаҳҳуд борасида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган энг саҳиҳ ҳадис шудир.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан бўлмиш илм аҳллари кўпчилигининг амали шу ҳадис асосидадир.
Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шудир.
Илова: Ҳазрати шайх Муҳаммад Қўтқу «Аҳли суннат вал-жамоат» китобининг Алиййул Қори ҳазратларининг шарҳига асосланган «Шарҳи Омолий» қисмида Таҳиййот аслида Мерож воқеаси эканлигини баён қилганлар. «Ат-таҳиййату лиллаҳи ва соловату ват тоййибат» - ўша Мерож кечасида Ҳазрати Пайғамбармиз Аллоҳу таолога юзланиб айтган таҳиййатдир. «Ас-саламу ъалайка аййуҳаннабиййу ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ» жумласи эса Аллоҳ таолонинг ўз ҳабибига жавобидир. Шунда Пайғамбар жанобимиз: «Ас-саламу ъалайна ва ъала ъибадиллаҳис-солиҳийн!» (Аллоҳнинг саломи бизга ва барча солиҳ бандаларига бўлсин!» деб умуман барча солиҳ бандаларига ҳам саломни ёйдилар. Бу эса ул зотнинг улуғлиги аломатини намоён этади. «Ашҳаду анла илаҳа иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ» шаҳодати эса фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг шаҳодатидир».