Уйқудан турган киши қўлини ювмасдан туриб идишга ботирмасин
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки, «Агар сизлардан бирор киши тунги уйқудан уйғонса, қўлини икки марта ёки уч марта сув тўкиб ювмасдан туриб сув идишига ботирмасин, чунки у қўли қаерда тунаганини билмайди».
Термизий ва Ибн Можа ривоятларида шундай («Тунги уйқудан») деб келган. Бухорий ва Муслимда: «Бирортангиз уйқудан уйғонсангиз» дейилиб, «тунги» деб зикр қилинмаган.
Ан-Нававий, Имоми Шофиъийдан ва бошқа имомлардан нақл этиб, бундай дейди: «Ҳижоз халқи тош билан покланар эди. Иссиқ иқлимда яшаганлари учун, ухлаганларида терлаб кетишар ва қўллари нажосат жойларига теккан-тегмаганини билиб бўлмас эди». Турбаштий, бу ҳадис тош билан покланганлар ва қўллари нажосат жойларида кезиши мумкин бўлган аҳволда ухлаганлар ҳақида эканлигини айтади. Кўпчиликнинг фикрига кўра, бу ўринда ворид бўлган наҳй (қайтарув) таҳрим учун эмас, балки танзиҳ (тоза тутиш) учундир.
Бу бобда Ибн Умар, Жобир ва Оиша (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Шофиъий айтадики, «Хоҳ кундузги уйқу бўлсин, хоҳ бошқа уйқу бўлсин, уйқудан турган ҳар бир киши қўлини ювмасдан таҳорат сувига ботирмаслигини хуш кўраман, мабодо, ювмасдан олдин ботирса, буни унинг учун кариҳ деб ҳисоблайман»... Ҳолбуки, қўлни ботириш, агар қўлида нажосат бўлмаса, сувни бузмайди.
Аҳмад ибн Ҳанбал айтадики, «Тунги уйқудан турганда қўлини ювмасдан олдин таҳорат сувига ботирса, ўша сувни тўкиб ташлагани маъқулроқ деб ҳисоблайман».
Исҳоқ эса бундай дейди: «Тунги ёки кундузги уйқудан уйғонганида қўлини ювмасдан туриб таҳорат сувига ботирмасин».