Еттита аъзо билан сажда қилмоқ
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга етти аъзо билан сажда қилмоқлик, соч ва кийимларни орқага қайтармаслик буюрилди».
Ерга тегмасин деб сочини ва кийимини орқага қайтармаслик ва шимармоқлик назарда тутилади. Ҳадиснинг зоҳир маъноси, бу ҳаракатлар намоз асносида қилинмаслиги кераклигини англатади. Қози Иёз, намозга киришдан олдин ва намоз асносида ҳам бундай ҳаракат макруҳ эканлигини айтади ва бу барчанинг қавли эканлигига ишорат қилади. Ҳофиз Ибн Ҳажар бундай дейди: «Бу ҳаракат намозни фосид қилмаслиги устида бир тўхтамга келганлар. Аммо Ибнул-Мунзир, Ҳасандан нақл этиб, намозни иода қилиши (қайта ўқиши) лозим бўлади, дейди. Бунинг ҳикмати эса ушбудир: Ерга тегмасин деб кийимини ва сочини орқага қайтариш билан мутакаббир кишиларга ўхшаб қолади».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.