Мисвок
Зайд ибн Холид Ал-Жуҳанийдан ривоят қилинди; деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, айтдиларки: «Умматимни машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим, уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишни буюрган ва хуфтон намозини кечанинг учдан бирига таъхир этган (кечиктирган) бўлар эдим».
«Машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим, мисвокни фарз қилар эдим», маъносидадир. Қози Абу Бакр ибн Ал-Арабий «Аризат-ул-ахвозий» номли Термизийнинг шарҳидан иборат китобида бундай дейди: «мисвок масаласида уламолар орасида ихтилоф қилинди. Исҳоқ, мисвокнинг вожиб эканлигини ва кимки мисвок ишлатишни қасдан тарк этса, намозни қайта ўқиши лозим бўлади, деган фикрни илгари сурди, Шофиъий мисвок ишлатиш таҳоратнинг суннатларидан, деди. Молик эса оғиз ўзгарган бир ҳолатда мисвок ишлатиш мустаҳаб эканини айтди. Энди, ҳадиснинг зоҳири (ташқи маъноси) мисвок вожиб деган сўз ботил (бекор), деган мазмундадир. Суннат ёки мустаҳаб эканлиги эса ҳар кимга маълум гап. Суннат эканлиги қувватлироқ.
Абу Салама деди: «Зайд ибн Холид, худди котиб қаламини қулоғига қистиргандек, мисвокни қулоғининг устига қистирган ҳолда масжидда жамоат намозларига қатнашар, мисвокни ишлатмасдан намозга турмас, кейин мисвокланиб, яна уни жойига қистириб қўяр эди».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.