Саждага бораётиб қўлларни тиззалардан олдин ерга қўймоқ (мумкинми?)
Воил ибн Ҳужр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни (намоз ўқиётганларида) кўрдим, саждага бораётиб тиззаларини қўлларидан олдин ерга қўйдилар ва қиёмга тураётиб қўлларини тиззаларидан олдин кўтардилар».
Ҳасан ибн Алининг ҳадисида ушбу қўшимча ўрин олган: Язид ибн Ҳорун айтадики, «Шорик, Осим ибн Кулайбдан танҳо шу ҳадисни ривоят қилган».
Бу ҳадис ғариб-ҳасан. Шорикдан бошқа бу ҳадисни ривоят қилган кишини билмаймиз. Илм аҳлининг кўпчилиги наздида амал шу ҳадис асосидадир. Киши тиззаларини қўлларидан олдин ерга қўяди, деб қарайдилар.
Қиёмга тураётганда қўлларини тиззаларидан олдин кўтаради (ердан олади).
Ҳаммом бу ҳадисни Осимдан мурсал тарзида ривоят қилган; санадида Воил ибн Ҳужрни зикр этмаган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси бирингиз намозда туя чўккалагандек чўккалайди».
Шориҳ юқоридаги изоҳларда айтганидек, фақат Имоми Моликнинг мазҳабларида аввал қўлларни ерга кўйиб саждага борилади. Аммо қолган уч имом - (Ҳазрати) Имоми Аъзам - Абу Ҳанифа, Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад Ҳанбалий мазҳабларида саждага бораётиб, тиззаларни қўллардан олдин ерга қўйиш буюрилган.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси ғариб.
Бу ҳадисни Абуз-Зиноднинг ривоятидан танҳо шу важҳдан биламиз.
Бу ҳадис Абдуллоҳ ибн Саъид Ал-Мақбурийдан, унинг отасидан, Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган.
Яҳё ибн Саъид Ал-Каттон ва бошқалар, Абдуллоҳ ибн Саъид Ал-Мақбурийнинг (ҳадис бобида) заиф эканлигини қайд этишади.