Намозхон рукуъдан бош кўтарганда нима дейиши керак?
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганда, «Роббана ва лака-л-ҳамд!» деб айтингизлар. Чунки, кимнинг айтгани малоикаларнинг айтганига тўғри келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади».
Ҳадиснинг зоҳири, барча гуноҳларнинг кечирилишига далолат қилади. Аммо уламо, буни кичик гуноҳларга тегишли, деб ҳисоблашган. Инсоннинг айтгани малоикаларнинг айтганига тўғри келиб қолиши «Роббана ва лака-л-ҳамд!» малоикалар билан айни бир вақтда айтилмоғидир.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи саҳобаларидан илм аҳлларининг ва саҳобаларидан кейин келган олимлардан баъзиларининг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Имом: «Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ» — дейди, имомнинг орқасидагилар эса: «Роббана-лака-л-ҳамд!» дейдилар.
Имоми Аҳмаднинг қавли ҳам шу. Ибн Сийрийн ва бошқаларнинг фикрига кўра, имомнинг орқасидагилар имом айтганидек: «Самиъаллоҳу лиман-ҳамидаҳ, Роббана ва лака-л-ҳамд» дейишади. Шофиъий билан Исҳоқнинг қавли шундай.