Рукуъда ва саждада белини тўкис букмаган киши
Абу Масъуд Ал-Ансорийдан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намозда тўлиқ текисланмаган, яъни рукуъда ва саждада белини текис букмаган эркак кишининг намози дуруст эмас!».
Бу бобда Али ибн Шайбон, Анас, Абу Ҳурайра ва Рифоъа Аз-Зуроқий (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Масъуднинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан илм аҳлининг ва улардан кейинги олимларнинг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Эркак киши рукуъда ва саждада белини тўлиқ текис букмоғи керак деган жиҳатга эга бўлганлар.
Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоҳ, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Намоз ўқиётиб рукуъда ва саждада белини тўлиқ текис букмаган эркак кишининг намози дуруст эмас», деган ҳадисларига таяниб, рукуъда ва саждада тўлиқ тўғриланмаган (текисланмаган) кишининг намози дуруст эмас, деб қабул қилишган.
Бу имомлар фикрича, таъдили аркон ва рукнларда мукаммаллик (тўлиқ бажаришлик) - фарз. Имоми Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммаднинг фикрларича, бу вожиб эканлиги баён қилинган. Шунингдек, суннат эканлиги ҳам баён қилинган. Чунончи, Таховийнинг сўзидан кўпроқ вожиб эканлиги англашилади. Ҳанафийлар, таъдили аркон фарз бўлмай, вожиб эканлигига доир келтирган далилларидан бири ушбудир: «Аллоҳу таоло: «Эй иймон келтирганлар, рукуъ ва сужуд қилингизлар!» деб марҳамат этган. Ояти жалилада рукуъ ва сажда қилмоққа амр қилинмоқда. «Рукуъ» ва «сужуд» маънолари маълум бўлган хос атамалардир. Рукуънинг маъноси - эгилмоқ ва сажданинг маъноси тиз чўкмоқдир. Мазкур ояти жалиланинг ҳукмига кўра қиёмдан мутлоқ тарзда эгилмоқ ва қўлини ерга қўймоқ фарздир. Зеро, хабари воқид билан Қуръоннинг итлоқини насх этиш (бекор қилиш) жоиз эмас.
Абу Маъмарнинг исми - Абдуллоҳ ибн Саҳбара.
Бадрлик Абу Масъуд Ал-Ансорийнинг исми – Уқба ибн Амр.