Мисвок
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди, айтди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимни машаққатга қўйишдан хавотирланмасам эдим: уларга ҳар бир намоз олдидан мисвок ишлатишни буюрган бўлар эдим».
Мулла Али Ал-Қорий «Ал-мирқот» китобида «яъни, намоз учун таҳорат олаётганда», дейди. Негаки, Ибн Ҳузайма, Ал-Ҳоким ва Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан бир ҳадис ривоят қилишган, унда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи вассалам «Умматимни машаққатга қўймасам эдим, уларга ҳар бир таҳорат олдидан мисвок (ишлатиш)ни буюрган бўлар эдим», деганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал ва яна бошқалардан бу хусусни таъкидлаб, ривоятлар қилганлар. Шофиъийлар, ҳам намоз олдидан, ҳам таҳорат олдидан, мисвок ишлатишни маъқул кўриб, икки ҳадиснинг ҳукмини (жамлаб) тутишган. Аммо мисвок ишлатишнинг мустаҳаб эканлиги белгили бир вақтга ва сабабга боғлиқ эмас. Фақат айрим сабаблар эътибори билан, масалан, овқатдан кейин ёки уйқудан турганда мустаҳаблиги қатъий бўлади.
Муҳаммад ибн Исҳоқ бу ҳадисни Муҳаммад ибн Иброҳимдан, Абу Саламадан, Зайд ибн Холиддан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар. Абу Саламанинг хоҳ Абу Ҳурайра, хоҳ Зайд Ибн Холид орқали бўлсин, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳу ва саллам)дан қилган ривояти менинг назаримда саҳиҳдир. Чунки, бу ҳадис Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан турли важҳлардан ривоят қилинган. Абу Ҳурайранинг ҳадиси саҳиҳ эканлиги ана шу мутааддид важҳлардан ривоят қилингани туфайлидир.
Муҳаммад Ибн Исмоил эса Абу Саламанинг Зайд ибн Холиддан қилган ривоятини янада саҳиҳроқ деб ҳисоблайди.
Бу бобда Абу Бакр Сиддиқ, Али, Оиша Ибн Аббос, Ҳузайфа, Зайд ибн Холид, Анас, Абдуллоҳ ибн Амр, Ибн Умар, Умму Ҳабиба, Абу Умома, Абу Аййуб, Таммом ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Ҳанзала, Умму Салама, Васила ибн Ал-Асқо ва Абу Мусо (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.