Рукуъга бораётиб қўлларни кўтармоқ
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, намозни бошлаб, рукуъга бораётганларида ва рукуъдан қайтганларида қўлларини елка баробарида кўтарар эдилар». Ибн Аби Умар ўз ҳадисида қўшимча қилиб, «Икки сажда орасида (қўлларини) кўтармас эдилар», дейди.
Ал-Фазл ибн Ас-Соббаҳ Ал-Бағдодий бу ҳадисни худди шу иснод билан Ибн Аби Умар ҳадисига ўхшаш тарзда ривоят қилган.
Бу бобда Умар, Али, Воил ибн Ҳужр, Молик ибн Ал-Ҳувайрис, Анас, Абу Ҳурайра, Абу Ҳумайд, Абу Усайд, Саҳл ибн Саъд, Муҳаммад ибн Маслама, Абу Қатода, Абу Мусо Ал-Ашъарий, Жобир ва Умар Ал-Лайсий (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Умарнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан айрим илм аҳлларининг қавли шу. Ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Анас, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Аз-Зубайр, тағин бошқалар шулар орасида бор. Тобиъийндан Ҳасан Ал-Басрий, Ато, Товус, Мужоҳид, Нофиъ, Солим ибн Абдуллоҳ, Саъид ибн Жубайр ва тағин бошқаларнинг қавли шу. Молик, Маъмар, Ал-Авзоий, Ибн Уйайна, Абдуллоҳ ибн Ал-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлишган.
Абдуллоҳ ибн Ал-Муборак, Аз-Зуҳрийнинг Солимдан, унинг отасидан ривоят қилган ҳадисини зикр килиб, бундай дейди: «Қўлларини кўтарган кишининг ҳадиси собитдир ва Ибн Масъуднинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат биринчи мартасида (намоз бошида) қўлларини кўтарар эдилар» деган ҳадиси собит эмас». Абдуллоҳ ибн Ал-Муборакнинг бу сўзини Аҳмад ибн Абда Ал-Амулий, Ваҳб ибн Замъа-дан, Суфён ибн Абдумаликдан, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакдан бизга етказган.
Яҳё ибн Мусо, Исмоил ибн Аби Увайсдан нақл этиб, бизга баён қилди ва айтадики, «Молик ибн Анас, намозда қўлларини кўтариш фикрида эди».
Шунингдек, Яҳё, Абдурраззокдан нақл этиб, бундай дейди: «Маъмар намозда қўлларини кўтариш фикрида эди».
Ал-Жоруд ибн Муъоздан бундай деганини эшитдим: «Суфён ибн Уйайна, Умар ибн Ҳорун ва Ан-Назр ибн Шумайл намозни бошлаганда, рукуъга бораётганда ва рукуъдан қайтаётганларида қўлларини кўтарар эдилар».