«Фотиҳа»сиз асло намоз йўқ
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръони Карим очқичи («Фотиҳа» сураси)ни ўқимаган кишининг намози йўқ!».
Бу бобда Абу Ҳурайра, Оиша (онамиз), Анас, Абу Қатода ва Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Убоданинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан илм аҳлларининг кўпчилиги наздида амал шу ҳадис асосидадир: Умар ибн Ал-Ҳаттоб, Али ибн Абу Толиб, Жобир ибн Абдуллоҳ, Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳум) ва яна бошқалар шулар жумласидандир. Намоз фақатгана «Фотиҳа»ни ўқишлик билан жоиз бўлади, деб қабул қилганлар.
Ибнул Муборак, Шофиъий ва Исҳоқнинг қавли шу.
Бу имомларнинг фикрича, намознинг фарзларидан бири «Фотиҳа» сурасини ўқимоқдир. Ҳанафийлар наздида мутлоқ фарз -қироат, «Фотиҳа» сурасини ўқиш эса вожибдир.