Биринчи такбирдан кейин ўқиладиган дуо
Абу Саъид Ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозга турганларида такбир айтгач, «Субҳанака аллоҳумма ва би ҳамдика ва табарока-смука ва тааъла жаддука ва илаҳа ғойрук» (Ё Аллоҳим, сени ҳамдинг билан поклаб, тасбиҳ ва танзиҳ этгайман. Исминг табаррук-муборак, азаматинг олий-юксак, сендан бошқа илоҳ йўқ!) дер эдилар, кейин «Аллоҳу акбару кабир» (Аллоҳ улуғликда энг улуғдир!) дер эдилар; Кейин: «Аъувузи биллаҳи самиъ-ил-ъалими минаш-шайтонир-рожим, мин ҳамзиҳи ва нафхиҳи ва нафсиҳи» (Ҳақ раҳматидан қувилган шайтондан, унинг васвасасидан, жодусидан ва зуғумидан асрамоғини сўраб, эшитгувчи ва билгувчи Аллоҳдан паноҳ тилайман!) дер эдилар».
Бу бобда Али, Оиша (онамиз), Абдуллоҳ ибн Масъуд, Жобир, Жубайр ибн Мутъим ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Саъиднинг ҳадиси бу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг машҳури. Илм аҳлларидан айримлари шу ҳадис билан амал қилган. Аммо уламонинг кўпчилиги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ушбу ҳадисни эгаллашган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: («Субҳанака-аллоҳумма ва биҳамдика, та табарокасмука ва тааъла жаддука ва илаҳа ғайрук») дер эдилар. Умар ибн Ал-Хаттоб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) шундай деб ривоят қилишган. Тобиъийндан ва кейингилардан илм аҳлларининг кўпчилиги наздида амал шу ҳадис асосидадир.
Абу Саъиднинг ҳадиси борасида (танқидий) сўз қилинган. Яҳё ибн Саъид, Али ибн Али Ар-Рифоийни танқид қилар эди. Аҳмад: «Бу ҳадис саҳиҳ эмас», дейди.