Намознинг тахрими ва тахлили
Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намознинг калити - таҳорат, таҳрими - такбир, таҳлили эса саломдир. Фарз (намозлари)да ва бошқа намозларда «Алҳамду»ни ва яна бир сурани ўқимаган кишининг намози йўқ!».
Бу ҳадис - ҳасан.
Бу бобда (Ҳазрати) Али ва Оиша (розияллоҳу анҳумо)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган. (Ҳазрати) Алининг бу бобдаги ҳадиси иснод жиҳатдан Абу Саъиднинг ҳадисидан кўра жаййид ва саҳиҳ. Бу ҳадисни «Таҳорат боблари»нинг бошида зикр қилиб ўтдик.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан бўлмиш илм аҳллари наздида амал шу ҳадис асосидадир. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир: намознинг таҳрими такбирдир. Киши фақат такбир билан намозга кирган бўлади.
Вакиънинг котиби Абу Бакр Муҳаммад ибн Абондан эшитдим; айтадики, Абдурраҳмон ибн Махдийнинг бундай деганини унинг ўзидан эшитдим: «Киши, Аллоҳу таолонинг исмларидан етмиштасини айтиб намозни очса-ю, такбир айтмаса, бу такбир ўрнига ўтмайди. Ва салом беришдан олдин таҳорати бузилса, унга таҳорат олмоғини ва кейин жойига қайтиб, салом (бермоғини амр қиламан. Чунки ҳукм ҳадиснинг очиқ ва зоҳир маъносига қараб чиқарилади».
Бунда таъвилга бормасликни ва ҳадиснинг зоҳир маъносига қараб хулоса қилишни кўзда тутмоқда. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммаднинг фикрларича, Аллоҳу таолонинг соф таъзимга далолат қиладиган ҳар қандай исми билан намозни очмоқ жоиз. Чунки, эътибор лафзларга эмас, маъноларга (қаратилган)дир.
(Изоҳдаги «ҳар қандай исм билан» иборасини бундай тушунмоқ мумкин: «Мухтасар ул-виқоя» шарҳида айтилади: «Аллоҳу таолонинг улуғлигига далолат қиладиган лафз (сўз)лар билан намозга кирмоқ дурустдир. Масалан, «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу ажалл» ёки «Ар-Роҳману акбар» ёхуд «Ла иллаҳа иллаллоҳ»га ўхшаган сўзлар билан. Бу лафзлар ёки Аллоҳ таолонинг исмларидан бўлган лафз бўлгай. Аллоҳу таолонинг улуғлигига далолат қиладиган лафзини дуо қиладиган лафзга қўшмагай, қўшса намози раво бўлмас. Масалан, «Аллоҳу акбар»нинг ўрнига «Аллоҳума мағфирлий» деса бўлмас...» (Таржимон иловаси). Абу Нодранинг, исми - Ал-Мунзир ибн Молик ибн Қутоа.