Имомлик қилмоққа кўпроқ ким ҳақли?
Абу Масъуд Ал-Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини энг яхши қироат қиладиган (аҳкомларидан яхши воқиф бўлган) киши имомлик қилади; қироатда тенг бўлсалар, суннатни энг яхши билган киши имом бўлади; суннатда баробар бўлсалар, муқаддам ҳижрат қилган киши имом бўлади. Кишига унинг мулкида имомлик қилинмайди ва кишининг уйида уй эгаси ўлтирадиган (махсус) жойга ўлтирилмайди, илло ўзи изн берса, (мумкин)». Маҳмуд айтдики, «Ибн Нумайр ўз ҳадиси (ривояти)да: «Ёш жиҳатидан энг муқаддамлари», дейди.
Бу бобда Абу Саъид, Анас ибн Молик, Молик ибн Ал-Ҳувайрис ва Амр ибн Салама (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Масъуднинг ҳадиси - ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳлларининг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Айтадиларки, инсонлар орасида имомликка энг лойиғи - Аллоҳнинг Китобини энг яхши қироат қиладиган ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини энг яхши билган кишидир.
Шунингдек, «Уй эгаси имомликка кўпроқ лойиқ», дейдилар.
Айрим илм ахлларининг фикрича: «Уй эгаси изн берса, бошқа киши унга имом бўлмоқлигида зарар йўқ». Баъзилари буни макруҳ деб қарайдилар ва бундай дейдилар: «Суннат - намозни уй эгаси ўқиб бермоғидир».
Аҳмад ибн Ҳанбал айтадики, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кишига унинг мулкида имомлик қилинмайди ва кишининг уйида уй эгаси ўлтирадиган (махсус) жойга ўлтирилмайди, илло ўзи изн берса, (мумкин)» деган сўзларига таяниб, «Уй эгаси изн берса, бу изн ҳаммасига (уй эгасига имом бўлмоққа ва унинг жойига ўтирмоққа ҳам) тегишли бўлади, деб умид қиламан», дейди.
Аҳмад ибн Ҳанбал, агар уй эгаси изн берса, бошқа киши унга имом бўлмоғи безарар», деб ҳисоблайди.