Эркаклар билан аёлларга имом бўлган одам
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Унинг (Анаснинг) бувиси Мулайка Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни у киши учун тайёрланган таомга таклиф қилди. (Расули Акрам) таомдан едилар. Кейин: «Турингизлар, сизлар билан намоз ўқиймиз», дедилар. Анас айтдики, «Узоқ вақт ишлатилмаганидан қорайиб қолган бир бўйрамиз(ни ёймоқ) учун турдим ва уни сув сепиб ювдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйрада турдилар, мен билан бир етим бола у кишининг орқаларида саф турдик, кекса момо эса бизнинг орқамизда турди. (Расули Акрам) бизга икки ракъат намоз ўқиб бердилар. Кейин кетдилар».
Анаснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳлларининг кўпчилиги наздида амал шу ҳадис асосидадир: Имом билан бирга бир эркак ва бир аёл бўлса, эркак киши имомнинг ўнг томонида туради, аёл киши эса уларнинг орқасида туради, дейдилар.
Айрим илм аҳллари эса: сафнинг орқасида якка ҳолда намоз ўқиган кишининг намози ўтади, дейдилар ва буни бояги ҳадис билан истидлол қилиб (далиллаб) бундай дейдилар: «Бола учун намоз йўқ ва Анас гўёки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида сафда ёлғиз туриб намоз ўқигандек бўлди». Ҳолбуки, масала улар айтгандек эмас. Бола учун намоз бўлмаса эди, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам болани Анас билан бирга турғизмас эдилар ва муҳаққақ, Анасни ўнг томонларида турғизган бўлардилар.
Мусо ибн Анасдан, Анасдан (розияллоҳу анҳумо) бундай ривоят қилинган: «Анас Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиди ва Расули Акрам у кишини ўнг томонларида турғиздилар».
Бу ҳадис Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (жамоат бўлиб) нафл намози ўқиганларига ва уларнинг уйларига барокат киритмоқчи бўлганларига далолат қилади.