Сафнинг орқасида якка ҳолда намоз ўқимоқ
Ҳилол ибн Йисофдан ривоят қилинди; айтди: «Биз Ар-Раққо (деган шаҳар)да эканимизда, Зиёд ибн Аби Жаъд қўлимдан тутди-да, мени Бани Асад (қавми)дан бўлмиш Вобиса ибн Маъбад деган бир шайхнинг ҳузурига олиб борди. Зиёд айтадики, «Мана шу шайх менга ушбу ҳадисни айтиб берди: «Бир киши сафнинг орқасида якка ўзи намоз ўқиди, — шайх эшитиб турар эди - шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга намозини иода этмоқни (қайта ўқимоқни) буюрдилар».
Бу бобда Али ибн Шайбон ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Вобисанинг ҳадиси - ҳасан.
Баъзи илм аҳллари сафнинг орқасида якка ҳолда намоз ўқимоқни макруҳ деб ҳисоблаганлар ва: «Сафнинг орқасида якка ҳолда намоз ўқиса, иода қилади (қайта ўқийди) деганлар». Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шу. Айрим илм аҳллари эса бундай дейдилар:
«Сафнинг орқасида якка ҳолда намоз ўқиса, иода қилиш (қайта ўқиш) лозим бўлмайди. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак ва Шофиъийнинг қавли шу.
Куфа аҳлидан бир жамоат эса Вобисанинг ҳадисига эга бўлиб, «Сафнинг орқасида якка ҳолда намоз ўқиса, иода қилади (қайта ўқийди)» деганлар. Ҳаммод ибн Аби Сулаймон, Ибн Аби Лайло ва Вакиъ шулар орасида борлар.
Ҳусайннинг Ҳилол ибн Йисофдан ривоят этган ҳадисини биттадан кўп киши, Абул-Аҳвоснинг Зиёд ибн Абул-Жаъддан, Вобиса ибн Маъбаддан қилган ривоятидек ривоят қилган.
Ҳусайннинг ҳадисида Ҳилолнинг Вобиса билан кўришганлигига далолат қилган ишорат бор. Муҳаддислар бу ҳадис борасида ихтилоф қилганлар.
Айримлари бундай дейишади: «Амр ибн Мурранинг Ҳилол ибн Йисофдан, Амр ибн Рошиддан, Вабиса ибн Маъбаддан қилган ривояти саҳиҳроқ».
Айримлари эса айтадики, «Ҳусайннинг Ҳилол ибн Йисофдан, Зиёд ибн Абил-Жаъддан, Вабиса ибн Маъддан қилган ривояти саҳиҳроқ».
Менимча, бу ҳадис Амр ибн Мурранинг ҳадисидан кўра саҳиҳдир. Чунки, Ҳилол ибн Йисофнинг Зиёд ибн Абил-Жаъддан, Вобисадан қилган ривоятидан бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган.