Икки устун орасида саф тортмоқ карохат эканлиги
Абдулҳамид ибн Маҳмуддан ривоят қилинди; айтди: «Амирлардан бировининг орқасида намоз ўқидик. Инсонлар (кўплиги) бизларни икки устун орасида намоз ўқишга мажбур қилди. Намозимизни ўқиб бўлгач, Анас ибн Молик бундай деди: «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бундан сақланар эдик».
Абу Бакр ибн Ал-Арабий, икки устун орасида намоз ўқимоқнинг макруҳлиги сафнинг узилиши туфайли ёки бу ерлар пойабзалда юриладиган жой эканлиги туфайли, деб айтади. Ибн Саййидиннос биринчи сабабнинг мақбул, аммо иккинчи сабаб мухдас (кейин пайдо бўлган гап) эканлигини айтади. Яъни, устунлар орасида пойафзал жойи қилиниши. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бўлган. Ал-Қуртубий, «Жин тоифасидан бўлмиш мўъминларнинг намозгоҳи бўлгани боис, бу жойларда намоз ўқиш макруҳ эканлиги ривоят қилинган», дейди.
Бу бобда Курра ибн Иёз Ал-Музанийдан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Анас ибн Моликнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Баъзи илм аҳллари, устунлар орасида саф тортмоқни кариҳ деб қараганлар. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир. Айрим илм аҳллари эса бунга рухсат берадилар.