Сафларни тўғирламоқ
Ан-Нуъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафларимизни тўғрилар эдилар. Бир куни, кўкси қавмдан ташқарига чиқиб турган бир кишини кўрдилар ва бундай дедилар: «Ё сафларингизни тўғрилангизлар ёки бўлмаса, Аллоҳ юзларингизни (қалбларингизни) бир-бирига мухолиф қилиб қўяди!».
Бу бобда Жобир ибн Самура, Ал-Барро, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас, Абу Ҳурайра ва Оиша (онамиз) (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Ан-Нуъмон ибн Баширнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Шунингдек, Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деб айтганлари ҳам ривоят қилинди: «Сафни тўғриламоқ намознинг мукаммаллигидандир (яъни, намознинг мукаммал бўлиши шартларидандир)».
Умар (розияллоҳу анҳу)дан бундай деб ривоят қилинади: У киши (Ҳазрати Умар) баъзи кишиларни сафларни тўғрилашга маъмур қилиб қўяр эдилар ва сафлар тузатилгани ҳақида хабар олмагунларича намозни бошламас эдилар».
(Ҳазрати) Али ва (Ҳазрати) Усмон (розияллоҳу анҳумо)дан ҳам бундай деб ривоят қилинган: «(Улар) сафларни тўғриламоқни шахсан ўз зиммаларига олган эдилар ва: «Сафларни тўғрилангизлар!» дер эдилар.
(Ҳазрати) Али (розияллоҳу анҳу): «Эй фалончи, олдинга ўт! Эй фалончи, орқароқ тур!» дер эдилар.