Сув билан истинжо қилиш
Оиша (розияллоҳу анҳо онамиз)дан ривоят қилинди; дедилар: «Эрларингизга айтингизлар, сув билан истинжо қилишсин: (мен улардан ҳаё қиламан), чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар».
Бу бобда Жарир ибн Абдуллоҳ Ал-Важалий, Анас ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Аҳмад (ибн Ҳанбал) ва Ан-Насоий бу ҳадисни тахриж қилганлар.
Илм аҳлининг наздида амал шу ҳадис асосидадир: сув билан истинжо қилишни маъқул кўрганлар. Тош билан қилинган истинжони етарли деб ҳисоблаш билан бирга, сув билан истинжо қилишни мустаҳаб деб биладилар ва афзалроқ деб ҳисоблайдилар. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг ҳам сўзи шудир.
Ал-Айний ушбу мавзуда бундай дейди: «Покланишда тошни ҳам, сувни ҳам ишлатиш янада афзалроқ: бутун салаф ва халаф мазҳаблари ва фатво аҳли ана шу хусусда иттифоқ қилишган: аввал тош билан тозаланиб, кейин сув билан покланади. Шунда қўлига тегадиган нажас озайган ва поклик, тозалик янада мустаҳкамроқ қилинган бўлади. Борди-ю, икковидан биттасини ишлатмоқчи бўлса, сув афзалроқ. Чунки, сув нажосатнинг ҳам ўзини, ҳам юқини кетказади. Тош эса нажосатнинг ўзини кетказиб, юқини кетказмайди.»