Якка ҳолда намозини ўқигандан кейин жамоатга келган киши
Язид ибн Ал-Асвад (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажларида у киши билан бирга ҳозир бўлдим ва Ал-Хойф масжидида у зот билан бирга бомдод намозини ўқидим. Намозни адо этиб бўлгач, қайрилиб, қавмнинг охирида турган ва ўзлари билан бирга намоз ўқимаган икки кишини кўрдилар-да: «Уларни менга келтирингизлар», дедилар. Уларни келтиришди. (Қўрқувдан) уларнинг баданлари дир-дир титрар эди. (Расули Акрам): «Биз билан намоз ўқимоқдан сизларни нима тўсди?» дедилар. Улар: «Ё Аллоҳнинг Расули! Биз чодирларимизда намозимизни ўқиб олган эдик», дейишди. «Бундай қилмангизлар, - дедилар (Расули Акрам). — Агар намозингизни чодирларингизда ўқиб, кейин бир жамоатнинг масжидига келсангизлар, улар билан ҳам бирга намоз ўқингизлар, бу сизлар учун нафл намози бўлади».
Бу бобда Муҳжан Ад-Дийлий ва Язид ибн Омирдан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Язид ибн Ал-Асваднинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳлларидан биттадан ортик кишининг қавли шудир. Суфён Ас-Саврий, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлишган. Айтадиларки, «Якка ҳолда намозни ўқиганидан кейин жамоатга етган киши ўқиган намозини жамоат билан иода қилади (қайта ўқийди)». Шом намозини ёлғиз ўзи ўқиган ва кейин жамоатга етган киши ҳақида бундай дейдилар: «Шом намозини улар билан бирга ўқийди ва (охирида ўзи) бир ракъат қўшиб, жуфт қилади». Бу илм аҳлларининг фикрича фарз бўлган намоз якка ўзи ўқиган (биринчи) намоздир. (Кейингиси нафл).