Азонни эшитиб, унга ижобат қилмаган киши
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, одамларимга: «Ўтин йиғингизлар!» деб буюрсаму ўтин йиғсалар, кейин намозга буюрсаму бирови имомлик қилса, кейин намозга келмаганлар(нинг уйлари)га бориб, устларидан ўт ёқиб юборсам!..».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абуд-Дардо, Ибн Аббос, Муъоз ибн Анас ва Жобир (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан биттадан кўп киши: «Азонни эшитиб туриб, ижобат қилмаган кишининг намози йўқ!» деб айтганлари ривоят қилинган. Айрим илм аҳллари бу ҳукм тағлиз ва ташдид (қаттиқлик ва талабчанлик) моҳиятида эканига тўхталишган. Шунга қарамай, узрсиз ҳолда ҳеч ким учун жамоатни тарк этмоққа рухсат йўқ.
Мужоҳид айтади: Ибн Аббосдан, кундузи рўза тутиб, кечалари уйғоқ намоз ўқийдиган, аммо жумъа намозига ҳам, жамоатга ҳам келмайдиган киши хақида сўралди. «У Жаҳаннамдадир!» деб жавоб берди. Ҳаннод шундай ҳадисни бизга Ал-Муҳорибийдан, Лайсдан, Мужоҳиддан баён қилди.
Ҳадисда хоҳламасдан, ҳаққини камситиб ва йўқ хисоблаб, жамоатга ва жумъага қатнамаслик назарда тутилмоқда.