Истинжода фойдаланиш макруҳ бўлган нарсалар
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: деди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тезак ва суяк билан истинжо қилмангизлар. Чунки булар жинлардан бўлган биродарларингизнинг озуқасидир.
Бу ҳадис, тезак ва суяк билан истинжо қилиш жоиз эмаслигига далилдир. Чунки бу икки нарса — жинларнинг таоми: суяк — ўзларининг, ҳайвон чиқити эса — ҳайвонларининг таомидир. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ҳайвон чиқити жинларнинг ҳайвонларининг чиқити экани муқаррардир», дейди.
Бу бобда Абу Ҳурайра, Салмон, Жобир ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган. Бу ҳадисни Исмоил ибн Иброҳим ва бошқалар Довуд ибн Абу Ҳинддан, Аш-Шаъбийдан, Алқамадан, Абдуллоҳдан ривоят қилдилар. «Абдуллоҳ жин кечаси (воқеаси)да Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эди...» деган ҳадис тўлиқ зикр этилади. Аш-Шаъбий айтадики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Тезак ва суяк билан истинжо қилмангизлар. Чунки, у жинлардан бўлган биродарларингизнинг озуқасидир». Исмоилнинг ривояти Ҳафс ибн Ғиёснинг ривоятидан кўра саҳиҳроқ кўринади». Икки ривоят орасидаги фарқ шуки, Исмоилнинг ривояти-мақтуъ (санади узилган), Ҳафснинг ривоят эса - муснад (санади тўлиқ)дир. (Муборакфурий).
Илм аҳлининг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Бу бобда Жобир ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.