Таҳоратнинг фазилати
Абу Хурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Мусулмон (ёки мўъмин) банда таҳорат олаётиб, юзини ювганида кўзлари билан қараб қилган ҳар бир гуноҳи таҳорат суви билан ёки сувнинг охирги томчиси билан (ёки шунга ўхшаш таъбир қўлладилар) юзидан ювилиб тушади; қўлларини юваётганида қўллари билан содир қилган ҳар бир гуноҳи сув ёки сувнинг сўнгги қатраси билан қўлларидан тўкилади ва шундай қилиб, банда гуноҳларидан покланиб чиқади».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Бу ҳадисни Молик Сухайлдан, унинг отасидан, Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Абу Солиҳ Сухайлнинг отасидир, Абу Солиҳ Ас-Саммон деб танилган бу зотнинг исми — Заквон. Абу Ҳурайранинг исми масаласида эса ихтилоф қилинди. Баъзилар «Абдушамс» деб айтишди. Кимдир, «Абдуллоҳ ибн Амр», деб айтади. Хуллас, Муҳаммад ибн Исмоил (Ал-Бухорий), «Энг тўғриси шу!» дейди. (Яъни, Абу Ҳурайранинг исми борасида турли хил нақллар зикр қилинган бўлиб, Абдуллоҳ иби Амр эканлигига ишорат қилинган).
Бу бобда Усмон ибн Аффон, Савбон, Ас-Сунобиҳий, Амр ибн Абаса, Салмон ва Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Ас-Сунобиҳий Абу Бакр Сиддиқдан ривоят қилган, аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эмас. Асли исми — Абдурраҳмон ибн Усайла, куняси Абу Абдуллоҳ бўлган Ас-Сунобиҳий Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмоқ учун йўлга чиққан эди, у ҳали йўлда эканлигида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. У киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан турли ҳадислар ривоят қилган.
Суютий ибн Абдилбаррдан нақл этиб, бундай дейди: Сунобиҳийнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадислари борасида Ибн Моиндан сўралди, у бундай жавоб қилди: «Бу ҳадислар мурсалдир. Сунобиҳий саҳоба эмас, аммо тобиъийнларнинг энг олдингиларидандир».
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Ас-Сунобиҳ ибн Ал-Аъсар Ал-Аҳмасий ҳам Ас-Сунобиҳий деб юритилади. Унинг ҳадиси эса мана бундай: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, айтдиларки: «Мен бошқа умматларга нисбатан сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман. Бинобарин, мендан кейин бир-бирларингизга қарши уруш қилиб кетмангизлар!» (Бу ҳадисни Имом Аҳмад «Муснад» китобида 4/351 рақам билан ва Ибн Можа «Сунан» китобида (2/240-241) рақами билан ривоят қилишган.)