Муаззиннинг азон учун ҳақ олмоғи кароҳат эканлиги
Усмон ибн Абил-Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг менга айтган охирги аҳдлари (шартлари) шу бўлди: «Бир муаззин тутгилки, у азон учун ҳақ олмасин».
Усмоннинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Илм аҳлининг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Муаззин азон учун ҳақ олмоғи макруҳ деб ҳисоблашган ва азон муқобилсиз, Аллоҳ ризоси учун айтилмоғини мустаҳаб деб қараганлар.
Ҳадис муаззин айтган азони муқобилида ҳақ олмоғи макруҳ эканига далолат қилади. Ибн Ҳуббон, Яҳё Ал-Баққолийдан тахриж қилган; айтадики, «Бир одам Ибн Умарга: «Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деб айтганини эшитдим. Ибн Умар: «Мен эса Аллоҳ учун сени ёмон кўраман» деб жавоб берди. У одам: «Субҳаналлоҳ! Мен сени Аллоҳ учун яхши кўрсам-у, сен мени Аллоҳ учун ёмон кўрасанми?!.» - деди. Ибн Умар: «Ҳа, — деди, чунки сен азон учун ҳақ оласан»... Бу орада азонга муқобил ҳақ олганлик учун жазо берганлар ҳам бор. Аш-Шавқоний, «Ҳақ олмоқ фақат шарт қўйилса - ҳаром, сўрамаган ҳолда берилса, ҳаром эмас», деб икки томонни келиштирадиган бир фикрни илгари сурган.