Имом – зомин, муаззин – муътамандир
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Имом - зомин, муаззин - муътамандир. Ё Аллоҳим! Имомларни иршод айлагин ва муаззинларни мағфират қилгин!».
Зомин - бировнинг кафиллигини олувчи, кафил бўлувчи, бошқаларни ўз паноҳига олувчи, амин бўлувчи киши. Муътаман ишонилган, ишончли, амин, иътимод этиладиган киши.
Бу бобда Оиша, Саҳл ибн Саъд ва Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган. Абу Ҳурайранинг ҳадисини Суфён Ас-Саврий, Ҳафс ибн Ғиёс ва яна бошқалар Ал-Аъмашдан, Абу Солиҳдан, Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар.
Асбат ибн Муҳаммад, Ал-Аъмашнинг: «Менга Абу Солиҳдан, Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан баён қилинди», деб айтганини ривоят қилади.
Нофиъ ибн Сулаймон бу ҳадисни Муҳаммад ибн Аби Солиҳдан, унинг отасидан, Оишадан (розияллоҳу анҳум), Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган.
Абу Зуръадан бундай деганини эшитдим: «Абу Солиҳнинг Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадиси - Оиша (онамиз)дан ривоят қилган ҳадисидан кўра саҳиҳдир».
Муҳаммад (Бухорий)дан эшитдим, «Абу Солиҳнинг Оиша (онамиз)дан қилган ривояти янада саҳиҳроқ», дейди. Муҳаммад (Бухорий), Абу Солиҳнинг ушбу бобда Абу Ҳурайрадан ҳам ва Оиша (онамиз)дан ҳам ривоят қилган ҳадисини Али ибн Ал-Маданий қайд этмаганини айтади.