Азондан кейин масжиддан чиқмоқ кароҳат эканлиги
Абуш-Шаъсодан ривоят қилинди; айтди: «Аср намозига азон айтилганидан кейин бир киши масжиддан чиқди. Шунда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): «Бу одам Абул-Қосим саллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлди», деди.
Бу ҳадисни «кутуби ситта» имомларидан имом Бухорий ривоят қилмаган. Аммо бошқа имомлар ва Имом Аҳмад ривоят қилган.
Бу бобда (Ҳазрати) Усмон (розияллоҳу анҳу)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан бўлмиш илм аҳлларининг наздида амал шу ҳадис асосидадир. Азондан кейин ҳеч бир киши узрсиз ҳолда масжиддан чиқмаслиги керак, деган фикрдалар. Фақат таҳоратсиз бўлса ёки зарур бир иши чиқиб қолса, чиқиши мумкин.
Иброҳим Ан-Наҳоийдан бундай деб айтгани ривоят қилинади: «Муаззин иқоматни бошлагунича, чиқиши мумкин». Бизнинг наздимизда эса бу ҳукм масжиддан чиқмоққа узри бўлган киши учундир.
Абуш-Шаъсонинг исми - Сулайм ибн Асвад. Бу зот Ашъас ибн Абиш-Шаъсонинг отасидир. Ашъас ибн Абиш-Шаъсо бу ҳадисни отасидан ривоят қилган.