Иккита тош билан истинжо қилиш
Абдуллоҳдан ривоят қилинди; айтди: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат учун чиққан эдилар, «Менга учта тош топгин», дедилар.
У кишига иккита тош ва битта тезак келтирдим. Иккита тошни олиб, тезакни ташладилар ва «Бу нажасдир», дедилар.
Таҳовий бу ҳадисни, учта тошнинг шарт эмаслигига далил қилиб келтиради ва «Агар шарт бўлса эди, учинчисини ҳам топтирар эдилар», дейди. Лекин Таҳовийнинг бу сўзи изоҳга муҳтож. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учинчи тошни ўзлари олган бўлишлари ёки истинжо қилганда бир тошнинг икки томонини ишлатган бўлишлари эҳтимол, шунда учта тош ишлатган бўладилар. (Муборакфурий).
Қайс ибн Ар-Робиъ бу ҳадисни Абу Исҳокдан, Абу Убайдадан, Абдуллоҳдан худди шундай тарзда, айнан Исроил ривоятидек ривоят қилган. Маъмар ва Аммор ибн Рузайқ бу ҳадисни Абу Исҳоқдан, Алқамадан, Абдуллоҳдан ривоят қилдилар. Зуҳайр эса Абу Исҳокдан, Абдурраҳмон ибн Ал-Асваддан, унинг отаси Ал-Асвад ибн Язиддан, Абдуллоҳдан ривоят қилган. Закариё ибн Абу Зоида ҳам Абу Исҳоқдан, Абдурраҳмон ибн Язиддан, Ал-Асвад ибн Язиддан, Абдуллоҳдан ривоят қилди. Бу, ривоят тарзида чалкашлик бўлган бир ҳадисдир. Амр ибн Мурра айтадики, Абу Убайда ибн Абдуллоҳдан: «Абдуллоҳдан бирон нарса эслайсанми? деб, сўрасам, «Йўқ» деди. Мен ўзим Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмондан сўрадим: «Бу ҳадисда Абу Исҳоқдан қилинган ривоятларнинг қайси бири саҳиҳроқ?» десам, ҳеч қандай ҳукм билдирмади. Буни Муҳаммаддан сўрадим, у ҳам бирор ҳукм билдирмади. У зикр қилинган Зуҳайрнинг Абу Исҳоқдан, Абдурраҳмон ибн Ал-Асваддан, унинг отасидан, Абдуллоҳдан қилган ривоятни мувофиқроқ кўриб, «Ал-Жомиъ» китобига киритган.
Менимча, бу ҳадисдаги энг саҳиҳ ривоят Исроил ва Қайснинг Абу Исҳоқдан, Абу Убайдадан, Абдуллоҳдан қилган ривоятидир. Чунки Исроил Абу Исҳоқнинг ҳадисини уларнинг ҳаммасидан кўра яхшироқ сақлаган ва ёд олган. Қайс ибн Робиъ ҳам бу ривоят борасида унга мутобаат қилган.
Абу Мусо Муҳаммад ибн Ал-Мусаннаъдан эшитдим; дедики: Абдурраҳмон ибн Маҳдийдан бундай деганини эшитдим: «Суфён Ас-Саврийнинг Абу Исҳоқдан қилган ривоятидан нимаики бой берган бўлсам, уни Исроилдан олишимга ишонганим учун бой бердим. Чунки, у (бу ҳадисни) жуда мукаммал тарзда келтирар эди».
Зуҳайрнинг Абу Исҳоқдан қилган ривояти унчалик соғлом эмас. Чунки ундан эшитиши охирги кунларда содир бўлган.
Аҳмад ибн Ҳасан Ат-Термизийдан эшитдим, ибн Ҳанбалнинг бундай деганини ривоят қилди, дейди: «Бир ҳадисни Зоида ва Зуҳайрдан эшитсанг агар, худди шу ҳадисни бошқалардан эшитмаганингга қайғурма! Фақат Абу Исҳоқдан ривоят қилинган ҳадис мустаснодир» Абу Исҳоқнинг исми - Амр ибн Абдуллоҳ Ас-Сабиъийн Ал-Ҳамадоний. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ўғли Абу Убайда отасидан ҳадис эшитмаган ва у куняси билан танилган бўлиб, исми номаълумдир.