Кечаси айтилган азон
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Билол кечаси азон айтади. Сизлар то Ибн Умми Мактумнинг азонини эшитмагунча, еб-ичверингизлар».
Бу бобда Ибн Масъуд, Оиша, Унайса, Анас, Абу Зарр ва Самура (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Умарнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳллари кечаси азон айтмоқ борасида ихтилоф қилганлар. Айримлари: «Кечаси (тонг отишидан олдин) азон айтса, бомдод азони ўрнига ўтади ва иода қилмайди (қайта азон айтмайди»), дейди. Молик, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир. Айримлари эса: «Кечаси (тонг отишидан олдин) азон айтса, иода қилади (қайта айтади) деганлар. Суфён Ас-Саврийнинг қавли шудир.
Ҳаммод ибн Салама, Аййубдан, Нофиъдан, Ибн Умардан (бундай деб) ривоят қилади: «Билол кечаси азон айтди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Банда уйқуга толди», деб чақирмоғини амр этдилар!». Бу ҳадис маҳфуз эмас (танланган эмас). Саҳиҳ бўлмиш ҳадис - Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ва яна бошқаларнинг Нофиъдан, Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисидирки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда бундай деб айтдилар: «Билол кечаси азон айтади. Сизлар то Ибн Умми Мактумнинг азонини эшитмагунча еб-ичаверингизлар».
Абдулазиз ибн Абу Раввод, Нофиъдан бундай ривоят қилган: «Умарнинг бир муаззини кечаси азон айтди ва Умар унга азонни иода қилмоғини (қайта айтмоғини) амр этди».
Бу ҳадис ҳам саҳиҳ эмас. Чунки, Нофиъдан, Умардан ривоят қилинганки, мунқотиъдир. Балки Ҳаммод шу ҳадисни мурод этгайдир.
Яъни, Ҳаммод ибн Салама, (Ҳазрати) Умарга мавқуф бўлган бу асарни сўзлаб бермоқчи бўлганида янглишиб ва ваҳмга берилиб, «Билол кечаси азон айтади» деган бўлиши эҳтимол. Бу бир эҳтимол. Термизий бунинг бир эҳтимол эканини «балки» сўзи билан ифода этиб ўтганлар.
Саҳиҳ бўлган ҳадис - Убайдуллоҳ ва яна бошқаларнинг Нофиъдан, Ибн Умардан ҳамда Аз-Зуҳрийнинг Солимдан, Ибн Умардан ривоят қилган, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Билол кечаси азон айтади» деган ҳадисдир. Ҳаммоднинг ҳадиси саҳиҳ бўлса эди, бу ҳадиснинг маъноси қолмасди. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билол кечаси азон айтади» деган вақтларида уларга келажакда бўладиган нарсани билдиргандирлар ва Билолнинг кечаси азон айтишини таъкидлагандирлар. Расули Акрам, Билолга тонг отишидан олдин айтган азонини иода қилмоқни буюрсалар эди, «Билол кечаси азон айтади» демас эдилар.
Али ибн Маданий айтадики, «Ҳаммод ибн Саламанинг Аййубдан, Нофиъдан, Ибн Умардан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси маҳфуз (танланган) эмас, Ҳаммод ибн Салама бу ҳадисда янглишган.