Азон айтган киши иқомат келтиради
Зиёд ибн Ал-Ҳорис Ас-Судоий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бомдод намозига азон айтмоқни буюрдилар ва мен азон айтдим. Сўнг Билол иқомат келтирмоқчи бўлган эди, шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Судоий биродар азон айтди. Азонни ким айтса, иқоматни ўша келтиради».
Бу бобда Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Зиёднинг ҳадисини ёлғиз Ал-Ифриқийнинг ривоятидан биламиз. Ал-Ифриқий эса муҳаддислар наздида заифдир. Яҳё ибн Саъид ва яна бошқалар унинг заиф эканини қайд этганлар. Аҳмад: «Ал-Ифриқийнинг ҳадисини ёзмайман», дейди.
Муҳаммад ибн Исмоил унинг аҳволини тақвия қилганини (қувватлаганини) кўрдим. Ал-Ифриқий ҳақида бундай дейди: «У ҳадис ривоятида ўрта даражададир».
Илм аҳлларининг кўпчилиги наздида амал шу ҳадис асосидадир: «Азонни ким айтса, иқоматни ўша келтиради», дейдилар.