Бомдод намозида тасвиб қилмоқ
Билол (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бундай дедилар: «Бомдод намозидан бошқа ҳеч бир намозда тасвиб қилмагин!».
Бу бобда Абу Маҳзурадан ҳам ҳадис ривоят қилинган. Билолнинг ҳадисини ёлғиз Абу Исроил Ал-Мулоийнинг ривоятидан биламиз. Абу Исроил эса бу ҳадисни Ал-Ҳакам ибн Утайбадан эшитган. Абу Исроилнинг исми - Исмоил ибн Аби Исҳоқ. Бу зот муҳаддислар наздида жуда ҳам соғлом (ишончли) эмас.
«Ат-тасвиб» калимасининг тафсири хусусида илм аҳллари ихтилоф қилдилар. Айримлари «тасвиб» калимасининг маъноси бомдод азонида айтиладиган: «Ас-солату хойрун минан-навм» ибораси эканини айтади. Ибнул-Муборак ва Аҳмаднинг қавли шудир.
Исҳоқ эса «тасвиб» калимасига бошқа маъно бериб, бундай дейди: «Макруҳ бўлмиш бир тасвиб борки, бу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин инсонлар ўйлаб топган бир нарсадир. Чунончи, муаззин азон айтганда жамоатни куттириб қўяди ва кейин азон билан иқомат ўртасида «Ҳаййа алас солаҳ, ҳаййа алал фалаҳ, қодди қоматис солаҳ»дейди.
Демак, Исҳоқ айтган тасвиб ана шу бўлиб, бу илм аҳллари макруҳ кўрган тасвибдирки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ўйлаб топилгандир.
Ибнул-Муборак ва Аҳмад, «тасвиб» калимасини, муаззин бомдод азонида айтиладиган «Ас-солату хойрун минан-навм» деб тафсир қилганларига келсак, ушбу қавл саҳиҳ ва бу ҳам «тасвиб» дейилади. Илм аҳллари таржиҳ этган (устун кўрган) ва қабул қилган қавл шудир. Абдуллоҳ ибн Умардан, (у киши) бомдод азонида «Ас-солату хойрун-минан-навм» деганлари ривоят қилинган. Мужоҳиддан унинг бундай дегани ривоят қилинган. «Абдуллоҳ ибн Умар билан бирга масжидга кирдим. Масжидда азон айтилган ва биз у ерда намоз ўқимоқчи эдик. Шу орада муаззин тасвиб (азон билан иқомат ўртасида намоз учун чақириқ) қилиб қолди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар масжиддан чиқди ва: «Юр, бу бидъатчининг ёнидан чиқайлик», — деди. Намозни ўша масжидда ўқимади». Абдуллоҳ, фақатгина инсонлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайдо қилган тасвибни кариҳ кўрган.